ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН РЕКТОР ТАБРИГИ
Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-ходимлар!
Ўтаётган ҳар бир йил инсон ҳаётида, жамият тараққиётида ва давлат келажагида ўчмас из қолдиради. Вақт шиддати ичида кечган ҳар бир кунга назар ташлаш, қилинган ишларга холис баҳо бериш ва келгуси марралар сари аниқ режалар билан интилишни тақозо этади. Ана шу маънода, янги йил нафақат байрам, балки ўтган йли сарҳисоби ва келажакка ишонч билан қадам қўйиш палласи ҳамдир.
Маълумки, мамлакат ва жамият тараққиёти узлуксиз меҳнат, изланиш ва ҳамжиҳатлик самарасидир. Шу боис янги йил остонасида ўтган давр давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси йил учун устувор вазифалар белгилаб олинади. Бу жараён, айниқса, таълим ва илм-фан соҳасида янада муҳим аҳамият касб этади.
Қувонарлиси шундаки, ўтиб бораётган йил университетимиз ҳаётида мазмунли ва самарали бўлди. Йил давомида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилди. Жумладан, жорий йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Global Sustainable Development Congress доирасида Times Higher Education (THE) Impact Rankings 2025 натижалари эълон қилинди. Ушбу рейтинг университетларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган 17 та Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (SDG) бўйича жамият ва атроф-муҳитга қўшаётган реал ҳиссасига асосланган ҳолда шакллантирилади. Қарши давлат университети THE Impact Rankings 2025 рейтингида 1500 таликдан жой эгаллаб, ўтган йилга нисбатан сезиларли юксалишга эришди. Хусусан, 2024 йилда университетимиз 5 та SDG йўналиши бўйича TOP-1000 таликка кирган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 9 та йўналишга етди. Ишонаманки, жамоамиз билан ҳамжиҳатликда келаётган йилда қолган 8 та йўналишларда ҳам 1000–1500 таликдан жой олишга эришамиз.
Шуниндек, нуфузли халқаро QS (Quacquarelli Symonds) ташкилоти “QS Asia University Rankings 2026” натижаларига кўра, Қарши давлат университети Осиёнинг икки мингга яқин университетлари орасидан топ-мингталикдан ўрин олиши, қолаверса, Марказий Осиё университетлари орасида TOP-100 таликка кириб, 52-ўринни эгаллаши барчамизнинг қалбларимизда фахр ҳиссини уйғотди. Бу университетимиз тарихидаги муҳим ютуқлардан ҳисобланади. Албатта, бундай рейтинглардан ўрин олиш халқаро майдонда Қарши давлат университетининг илмий салоҳияти, таълим сифати ва халқаро ҳамкорликдаги фаолияти юксак эканига яна бир далил бўлди. Таъкидлаш жоизки, ушбу натижа бутун университет жамоасининг фидокорона меҳнати, изланишлари ва стратегик ривожланиш йўналишининг амалий натижасидир.
Бундан ташқари, UI GreenMetric World University Rankings 2025 натижалари эълон қилинди ва Қарши давлат университети ушбу глобал баҳолашда дунёнинг TOP-500 талик университетлари қаторидан жой олди. Бу натижа ОТМнинг барқарор ривожланиш, экологик масъулият ва “яшил” ташаббуслар борасидаги фаолияти юқори баҳоланганидан далолат беради. Албатта, университетнинг глобал рейтингларда юқори ўринларни эгаллаши замирида профессор-ўқитувчилар ва талабаларга яратилаётган шароитлар, қулайликлар ва замонавий технологияларнинг жорий этилиши билан бир вақтда жамоамизнинг ҳамжиҳатликда олиб борган заҳматли меҳнатлари ҳам муҳим рол ўйнади.
Шу ўринда талаба-ёшларимизнинг кўрсатаётган улкан натижаларини ҳам эътироф қилиш жоиз. Улар турли соҳаларда мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган қатор танлов ва мусобақаларда муносиб иштирок этиб, ифтихор этса арзигулик натижаларга эришмоқдалар.
Университетимизда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Йил давомида 12 нафар фан доктори (DSc) ва 58 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун диссертация ишлари муваффақиятли ҳимоя қилиниши бу фикримизга асос бўла олади. Албатта, бу кўрсаткичлар олийгоҳимизда илмий муҳитнинг барқарор ривожланаётганини яққол намоён этади.
Бундан ташқари, 2025 йил ҳисобида профессор-ўқитувчиларимиз ва тадқиқотчиларимиз томонидан жами 57 та дарслик, 86 та монография, 111 та ўқув қўлланмалар нашр этилди, шунингдек, ОАК тан олган маҳаллий илмий журналларда 140 га яқин, ОАК тан олган халқаро мақомдаги илмий журналларда эса 900 га яқин, “Web of Science” ва “Scopus” базаларидаги журналларда 250 дан зиёд мақолалар эълон қилинди.
Университетимиз салоҳияти ҳам ўтган йилларга нисбатан сезиларли ўсди. Жумладан, 2024 йилда салоҳият 44 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йил бу кўрсатгич 60 фоизга ошди.
Айни пайтда, университетимизнинг моддий-техника базаси ҳам изчил равишда такомиллашиб бормоқда. Янги ўқув бинолари, спорт иншоотлари, талабалар турар жойлари ва замонавий инфратузилма объектларининг барпо этилиши таълим сифати ва талаба-ёшлар учун яратилаётган шароитларнинг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Ўйлайманки, амалага оширилаётган бу каби ислоҳотлар келгусида ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.
Қадрли университет жамоаси!
Кириб келаётган янги 2026 йил барчамиз учун янги имкониятлар, улкан ютуқлар ва эзгу ниятлар йили бўлсин. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, илмий ва ижодий фаолиятингизда юксак зафарлар тилайман. Янги йилда барча орзу-умидларимиз рўёбга чиқсин, юртимиз равнақи йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизда муваффақиятлар ёр бўлсин!
Янги йил барчангизга муборак бўлсин!
Дилмурод НАБИЕВ, университет ректори