ЭЙ АЗИЗ ФАРЗАНД!
СЕН ИЛМ ДАРГОҲИГА ҚАДАМ ҚЎЙДИНГ
Унутма, камолотга эришувда ягона нажот йўли илмдир. Шунинг учун ҳам ота-боболаринг илм, касб-ҳунар эгаллаш йўлида олис, мусофир юртларда узоқ йиллар риёзат чекканлар. Сен бу заҳматлардан бир қадар ҳолисан. Чунки сен мустақил, озод ва ҳур Ватан - Ўзбекистон фарзандисан. Она Ватан илм олишинг, комронлик касб этишинг йўлидаги машаққатларнинг салмоқли қисмини ўз зиммасига олган. Бу машаққатлар ҳозиргидан бир неча баробар оғирроқ меҳнатни талаб қилганда ҳам Ватанинг, ота-онанг, устозларинг ундан ҳеч қачон бўйин товламас эдилар. Зеро Сен уларнинг умиди, жонажон, беназир юртимиз мустақиллигининг равнақи ишониб топширилаётган авлод вакилисан.
Ҳеч қачон тушкунликка берилма. Ҳар қандай оғир вазиятдан муносиб чиқишнинг йўли бор. Фақат шу вазиятни келтириб чиқарган сабабларни таҳлил қила олсанг бас. Бу йўлда сен биринчи далдани, аввало, ҳамиша ўзингдан олишни, фақат ўз кучингга суянишни, ўзингни илҳомлантиришни ўрган.
Танингни саломат сақлашга интил. Унутма, сенинг жисминг муқаддасдир, унга даҳл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уни доимо пок, иффатда тут. Ҳали сен кўплаб пок авлодларнинг давомчиси бўлишинг кераклигини асло эсингдан чиқарма.
Қатъиятли, ўзинг ва ўзгаларга нисбатан талабчан бўл. Талабчанлик бўлмаган жойда ҳеч бир ишда сифат ҳам, самара ҳам бўлмайди. Масъулият чекинади.
Ўзгалар фикрини тинглашни ўрган. Иймонли инсонлар, устозларинг ўгитларини юрагингга қадаб ол! Бу сўзлар асло шоирона сўзлар эмас, қалб билан, ҳаяжон билан, ихлос билан, умид билан тириклик тароватлидир. Сен аввало ўзинг таълим олаётган даргоҳдаги шарқона файз ижодкори бўл. Инсонийликка, улуғликка мустақил парвозинг шундан бошланса ажаб эмас.
Мустақил мутолаа, санъат, адабиётдан бохабарлик киши маънавиятини бойитади. Ҳаётдан завқланишни, уни севишни ўргатади. Китоб бу йўлда энг биринчи таъмасиз дўст, туганмас шамчироқдир.
Асрлар оша ота-боболардан мерос бўлиб ўтиб қолган, табиатан қонингда бор туйғуларингга ишон. Ҳар ишда пухта ва эҳтиёткор бўл. Сен сабоқ олаётган шу мўъжаз хонада она, Ватан сўзи минг-минг бор жаранглади ва яна жаранглайверади. Демак шу гўша сенинг саждагоҳингдир. Унга дарз етказмоқ, нопок ният билан қадам қўймоқ, одобсиз сўзларни айтмоқ мутлақо мумкин эмас, уволдир!
Ўзингни илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга чоғлар экансан, аввало иродангни мустаҳкамлаб бор. Фақат иродали кишиларгина муваффақият қозонишга қодирдирлар.
Ўзингни ҳеч қачон алдама. Кучли ва ожиз жиҳатларингни холис баҳолашни ўрган. Бунинг учун ўзингга, қилаётган ишларингга, айтаётган гапларингга бир кунда ҳеч бўлмаса бир марта четдан назар ташлаш кифоя.
Вақтдан унумли фойдалана бил. Ҳар бир кун, ҳар бир сабоқ, ҳар бир дақиқа қайтарилмасдир. Вақт қадрига етмасанг, олтин давр ҳисобланувчи йилларинг фақат аросат, йўқлик ва йўқотишлар даври бўлиб қолиши мумкин.
Она тилидан ташқари камида икки хорижий тилни мукаммал ўрганишни ўзинг учун фарз деб бил. Кўплаб чет тилларни билиш бошқа халқлар дилига йўл топиш, кўплаб мушкулларни осон ҳал қилиш билан бирга ўз она тилинг ҳақидаги билимларингни мукаммаллаштиришга ҳам ёрдам беради. Дунё янгиликларига зийраклик билан муносабатда бўлишга интил. Она заминда кечаётган оламшумул воқеалар учун жавобгарлардан бирисан.
Сўз интиҳосида айтсак ҳам, сўз бошида айтсак ҳам, такрор айтсак ҳам яхши сўзнинг, яхшиликнинг сабабкори бўл. Она табиатни, унинг жамики жонзотларини аяш сенга янада гўзаллик бағишлайди. Бу сенинг бурчинг ҳамдир. Токи сен мевасидан баҳраманд бўлган боғлар эртага фарзандларинг, набираларингга ҳам мўл-кўл ҳосилини ҳадя эта олсин.
Эй азиз фарзанд!
Юқорида танишганинг фикрлар сенга асло бегона эмас. Уларни ўзингники қилиб олсанг, қайта-қайта ўқишга ва уқишга эҳтиёж сеза билсанг, улар сени ҳар гал изланишга, нимадир яратишга ундашса, ўзингдан хайрли ишлар қолдиришга сафарбар этишса, демак
СЕН ЯХШИ ОДАМСАН, ИҚТИДОРЛИСАН!
Сенга ишониш, умид боғлаш, сендан улулғ ишлар кутиш мумкин.
СЕНГА ОМАД ЁР БЎЛСИН!
Брошюралар
Буклетлар
Китоблар