Илмий кенгаш

20 January, 2021

Қарши давлат университети Илмий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги (1997 йил), “Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури тўғрисида”ги (1997 йил) Қонунларига ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2011 йил 3 декабрдаги 487-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Олий таълим муассасасининг Илмий кенгаши тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, университет Илмий кенгаши фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. 

 

I. Умумий қоидалар

1. Низом бўйича Илмий кенгаш таркибига қуйидагилар киради: ректор (раис), проректорлар, факультет деканлари, университетга бириктирилган академик литсейлар раҳбарлари, мутахассис чиқарувчи кафедралар мудирлари, шунингдек, талабалар ва ходимлар касаба уюшмаларининг вакиллари. Илмий кенгашнинг бошқа аъзолари факультетнинг умумий мажлиси ёки Илмий кенгашда  яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар. Профессор-ўқитувчилар таркибидан Илмий кенгашга сайланувчи аъзоларнинг сони ректорнинг буйруғи билан белгиланади. Илмий кенгаш таркибига олий таълим муассасасининг муайян йўналиши муаммолари бўйича ишловчи, йирик олим ва мутахассислар, вилоят халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари раҳбарлари киритилиши мумкин. Ваколат муддати 5 йил.

2. Илмий кенгаш таркиби олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Ҳар ўқув йилининг бошида, ҳар хил сабабларга кўра Илмий кенгаш таркибидан чиққанлар ўрнига янги аъзолар сайланади ва Низом бўйича киритилади.

II. Илмий кенгашнинг мақсад ва вазифалари

3.  Илмий кенгашнинг мақсади – олий таълим муассасаси жамоасининг саъй-ҳаракатларини қуйидаги масалаларни бажаришга қаратилган фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини амалга ошириш, замонавий педагогик технология ва компьютерлаштириш асосида юқори сифатли бакалавр ва магистрлар тайёрлашни таъминлаш, илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, олий таълимнинг давлат таълим стандарти талаблари даражасида мукаммал билим, малака ва кўникмаларига эга бўлган профессионал мутахассислар тайёрлашга йўналтиришдан иборат. Ёшларда ватанпарварлик, фуқаролик, ўз ватани билан фахрланиш, маънавий-маърифий ва маданий хусусиятларни шакллантириш.

4. Университет Илмий кенгаши:

- “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”га мувофиқ давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларининг бажарилишини кўриб чиқади ҳамда устувор масалалар бўйича тавсия ва топшириқлар белгилайди.

- факультетларнинг ўқув, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини, шунингдек, университетга бириктирилган академик литсейлар ва касб-ҳунар коллежларини фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиб боради, қабул натижалари тўғрисида қабул комиссиясининг, халқ хўжалигининг битирувчи мутахассисларга бўлган эҳтиёжи, буюртмалар билан алоқалар тўғрисида маркетинг хизматларидан ҳисоботларни эшитилади;

- илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишлар режалари ижроси, профессор-ўқитувчилар таркибини малака ошириш  ва қайта тайёрлаш масалаларини муҳокама қилади;

- хорижий мамлакатлар олий ўқув юртлари билан алоқаларни ўрнатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

- факультет ва кафедраларни очиш, тугатиш, ўзгартириш, шунингдек, маркетинг хизмати таклифларини ҳисобга олган ҳолда янги бакалавриат йўналишлар ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ёки тўхтатиш билан боғлиқ масалалар бўйича қарор қабул қилади;

- дарслик, ўқув қўлланма ва илмий, ўқув-услубий адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш масаларини кўриб чиқади;

- “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғриси”ги Низомга мувофиқ, профессор-ўқитувчилар лавозимларини эгаллаш учун танловлар ўтказади;

- профессор, дотсент илмий унвонини олишга интилаётган изланувчиларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва белгиланган тартибда илмий унвонга тасдиқлашга тақдим этади;

- таълим муассасаси битирувчилари ҳамда профессор-ўқитувчиларининг инглиз тилини билишларини таъминлаш ва компьютер технологиялари, интернетдан фойдалана олишлари бўйича таянч кўникмаларни шакллантириш масалаларини муҳокама қилади ва чора-тадбирлар белгилайди;

- таълим жараёнининг ўқув адабиётлари билан таъминланганлиги, янги авлод дарслик ва ўқув қўлланмалари, шунингдек, инноватсион таълим технологияларини қўллашга асосланган ўқув-услубий мажмуаларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилади;

- стажёр-тадқиқотчи-изланувчи ва катта илмий ходим-изланувчи институтларига номзодларни тавсия этади, уларнинг шахсий режалари ва диссертатсия мавзуларини тасдиқлайди;

- иқтидорли талабалар сафидан ва профессор-ўқитувчилар таркибидан номзодларни “Истеъдод” жамғармаси орқали хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўтишга тавсия этади;

- олий таълим муассасаси иқтидорли талабалари ва магистрантлари сафидан ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва номли Давлат стипендиялари танловида иштирок этадиган номзодларни тавсия этади;

- таълим хизматлари билан шуғулланувчи кичик корхоналар, фирма ва курслар фаолияти ҳақида раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитади;

- “Соғлом авлод учун” жамғармаси билан ҳамкорликда талабалар жисмоний тарбияси ва уларнинг соғликларини янада яхшилаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқади;

- асосий буюрмачи ташкилот, корхона ва муассасалар билан корпоратив ҳамкорликни ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда талабаларнинг малакавий амалиёти самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилади вауларни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

- олий таълик муассасаси талабалари ва ходимларининг техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини такомиллаштириш бўйича тадбирларни белгилайди;

- олий таълим муассасаси ривожланишининг йиллик ва истиқболли режаларини тасдиқлайди, моддий-техник таъминот молиявий-хўжалик фаолияти натижаларини муҳокама қилади.

III. Илмий кенгаш фаолиятини ташкил этиш

5. Илмий кенгаш ўз фаолиятини ҳар ўқув йили учун ишлаб чиқиладиган режага мувофиқ амалга оширади. Илмий кенгаш режаси Илмий кенгаш томонидан кўриб чиқилгандан сўнг университет ректори томонидан тасдиқланади.

6. Олий таълим муассасасининг ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий ишларга доир барча масалалари бўйича Илмий кенгаш қарорлари очиқ овоз бериш тартибида кўпчилик овози билан қабул қилинади. Илмий кенгаш мажлиси унинг таркибидаги аъзоларнинг 2/3 қисми иштирок этгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчилар таркиби лавозимларини эгаллаш ҳамда дотсент илмий унвонларини бериш бўйича ўтказиладиган танловлар ва тақдимномалар юзасидан қарорлар ёпиқ овоз бериш йўли билан белгиланган тартибда қабул қилинади.

7. Илмий кенгаш қарорлари олий таълим муассасасининг ректори тасдиқлагандан сўнг кучга киради.

8. Илмий кенгашнинг мажлиси баённома билан расмийлаштирилади. Баённомалар Илмий кенгаш раиси ва Илмий кенгаш котиби томонидан имзоланади.

9. Илмий кенгаш раиси мунтазам равишда Илмий кенгаш қарорларининг бажарилиши бўйича текширувлар ташкил этади ва Илмий кенгаш аъзоларига уларнинг натижалари ҳақида ахборот беради.

 

Ушбу Низом Қарши давлат университети Илмий кенгашининг

2012 йил 2 мартдаги 8-сонли йиғилиш қарори билан маъқулланган