Ш. Ахмедов – Коррупцияга қарши курашиш “Комплянс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бош мутахассиси
Ҳар қандай жамиятнинг келажаги, давлатнинг иқтисодий барқарорлиги ва миллатнинг маънавий салоҳияти, энг аввало, таълим тизимининг аҳволига боғлиқдир. Таълим – инсоннинг ақлий салоҳиятини очувчи, миллат тараққиётининг асоси бўлган энг муҳим вазифани бажаради. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат сиёсатида таълимнинг ҳалоллиги ва шаффофлиги устувор ўрин тутади. Бинобарин, таълимда коррупция – бу фақатгина бир соҳанинг муаммоси эмас, балки бутун жамиятнинг ривожига хавф солувчи иллатлардан биридир.
Бугунги очиқлик ва ислоҳотлар даврида шуни таъкидлаш жоизки коррупция ҳали ҳам мавжуд бўлиб, у ўз таъсирини йўқотгани йўқ. Ҳолисона айтадиган бўлсак, афсуски, айрим ҳолатларда бу салбий ҳодиса таълим тизимида ҳам учраб туришини инкор этиб бўлмайди. Бундай иллатлар билимга бўлган ишончни пасайтиради, ёшлар онгида “билим эмас, таниш-билишчилик муҳим” деган нотўғри тасаввурни шакллантиради. Бу эса адолат, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик каби қадриятларнинг қадрсизланишига олиб келади.
Коррупция сўзини одатда халқимиз порахўрлик билан боғлаб тушунишади. Бироқ, аслида бу тушунча анча кенг маънога эга бўлиб мансабни суиистеъмол қилиш, танишчиликка йўл қўйиш, имтиёз эвазига баҳо ёки лавозим олиш ҳам унинг турли шаклларида кўриниши ҳисобланади. Айниқса, таълим тизимида бундай ҳолатлар нафақат адолатга зид, балки келажак авлоднинг илмий ва маънавий етуклигига ҳам путур етказиши билан бирга, келажакни тубсиз жарликка етаклайди.
Ҳалоллик барча эзгу ва фаровон ишларнинг юраги бўлиб, у бор жойда ҳар бир нарсада унумдорлик бўлади, белгиланган истиқболли режаларга ишончли тарзда эришилади. Таълимдаги ҳалоллик эса бу миллат келажагининг кафолатидир. Зеро, ҳалол меҳнат, пок ният ва адолатли баҳо таълим тизимини мустаҳкамлайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу борада шундай деганлар: “Коррупцияга қарши курашиш – давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишидир. Биз ҳалолликни ҳар бир тизимда ҳаёт тарзига айлантиришимиз керак.” Бу фикр таълим тизими учун ҳам бевосита долзарбдир. Агар ўқитувчи баҳони виждонан қўйса, талаба билимни ҳалол меҳнат билан эгалласа, натижада ишонч ортади, рақобат соғломлашади ва таълим сифати юксалади.
Умуман олганда, ҳалоллик қадрият сифатида қадимдан буюк алломалар томонидан ҳам эъзозлаб келинган. Буюк давлат асосчиси ва тарихда буюксоҳибқирон номи билан танилган Амир Темур ҳам ўзининг машҳур “Темур тузуклари” асарида “Салтанатни адолат билан қўллаб-қувватлаш лозим, чунки куч – адолатда” деганида энг аввало, ҳар бир ишда адолат билан ёдашсиҳ кераклигини кўрсатиб ўтиши бугунги кун учун ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Чунки адолат устувор бўлган жойда, ишонч ва ривожланиш бўлади.
Коррупцияни йўқотиш фақат жазо чораларига таяниш орқали эмас, балки таълим тизимида маънавий иммунитетни шакллантириш билан амалга ошади. Ҳар бир ўқитувчи, талаба ва ота-она ҳалолликни ҳаёт мезонига айлантирса, жамиятда бу иллат илдиз отолмайди. Коррупцияга қарши кураш маънавий ишларимиздан биридир. Бугунги ёшлар билим, технология ва инновациялар орқали рақобатлашаётган бир пайтда, таълимдаги адолатсизлик уларнинг имкониятини чеклайди. Шунинг учун ҳар бир ёш ўз билимига, меҳнатига ва истеъдодига ишониб муваффақиятга эришиши зарур.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини коррупциядан холи этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан:
Электрон баҳолаш тизимлари жорий қилинмоқда;
Имтиҳон жараёнлари очиқ ва шаффоф ўтказилмоқда;
Ўқитувчиларнинг моддий рағбатини ошириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш тизими йўлга қўйилмоқда;
Талабалар ўртасида коррупцияга қарши курашиш борасида турли танловлар ўтказилмоқда.
Бу каби ташаббуслар коррупцияга қарши курашда нафақат ҳуқуқий, балки тарбиявий ёндашувни ҳам кучайтиради. Энг муҳими, таълим тизимида “ҳалоллик – қадрият, виждон – мезон” тамойили мустаҳкам қарор топмоқда.
Коррупциясиз таълим – бу нурафшон келажакнинг пойдевори. Таълимда адолат ҳукм сурса, ёшлар ўз билимига ишонади, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик миллий қадрият сифатида мустаҳкамланади. Бундай жамиятда эса ҳар бир фуқаро ўз юртининг келажаги учун масъулият билан яшайди. Ҳалол билим эса инсонни юксалтиради, инсон эса жамиятни ривожлантиради. Таълим тизимидан коррупцияни бутунлай йўқ қилиш орқали биз нафақат бугунги куннинг ҳалоллигини таъминлаймиз, балки эртанги авлод учун нурафшон келажакнинг мустаҳкам пойдеворини ҳам яратамиз. Чунки ҳалоллик устувор бўлган жамиятда ишонч, адолат ва тараққиёт барқарор бўлади. Шу сабабли, коррупцияга қарши кураш — ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчи, маънавий масъулияти бўлиши шарт. Бу курашда ўқитувчи, талаба, ота-она ва раҳбар бирдек масъулдир. Бу борада юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Коррупция шундай ёвуз иллатки, у ҳалқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур утказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”, - деб таъкидлаган эди.