Халқимизнинг азалий ва эзгу қадриятларидан бири бўлган ҳашар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бирдамлик, меҳр-оқибат ва саховатни ифода этувчи ушбу анъана Наврўз умумхалқ байрами арафасида юртимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари сифатида кенг ўтказилмоқда.
Хабар берилганидек, 13–14-март кунлари мамлакатимизда кенг кўламли умумхалқ ҳашари ташкил этилмоқда. Мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 72-сонли фармойишига мувофиқ “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ўтказилмоқда.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қарши давлат университетида ҳам ҳашар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Университет профессор-ўқитувчилари ҳамда ишчи-ходимлари фаол иштирок этиб, олий таълим муассасаси ҳудуди ва атрофини ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшдилар.
Ҳашар давомида ҳудудлар тозаланиб, манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экилди. Шунингдек, дарахтларни оқлаш, уларга шакл бериш ва бегона ўтлардан тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Санъатшунослик факультети талабалари доира, довул каби зарбли чолғу асбобларида жонли мусиқалар ижро этиб, ҳашарга алоҳида файз бағишладилар. Наврўз байрами арафасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари университет жамоаси орасида кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.