ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
2025-йил 26-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 05/31-1/2-92-сонли хат орқали янгидан қабул қилинган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат юборилди. Ушбу ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари базаси — www.lex.uz орқали танишиб чиқиш мумкин.
Қуйида мазкур норматив ҳужжатларнинг энг муҳим ва долзарбларининг мазмун-моҳияти баён этилади.
Конституция кунига тайёргарлик бўйича Президент фармойиши
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-ноябрдаги 60-сонли фармойиши билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги топшириқлар тасдиқланган.
Фармойишда қуйидаги вазифалар белгиланган:
Конституциянинг 33 йиллигини муносиб ва юксак савияда нишонлаш;
фуқароларни Бош қомусда белгилаб қўйилган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш;
“Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори асосида кенг маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлик, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида яратиб берган янги имкониятларни аҳолига тушунтириш.
Фармойишнинг 3-банди “ж”-кичик бандига мувофиқ:
барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Конституция дарслари ўтказилиши,
дарсларга атоқли ҳуқуқшунослар, олимлар, суд ва адлия органлари ходимларини жалб қилиш белгиланган.
Экология ва иқлим ўзгариши бўйича ПҚ-343-сон қарор
Вазирлик томонидан юборилган ҳужжатлар орасида яна бир муҳим янгилик — Президентнинг 2025-йил 18-ноябрдаги ПҚ-343-сон “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши Миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ:
“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази” негизида “Экологик мониторинг миллий маркази” ташкил этилди.
Экология қўмитаси бевосита Президентга ҳисобдор бўлиб, фаолиятини давлат органларидан мустақил амалга оширади.
Ҳеч бир мансабдор шахс қўмитанинг фаолиятига аралаша олмайди.
Қарорнинг 1-банди “в”-кичик бандига мувофиқ:
Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра:
Экополиция — Экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси бўлиб, тўғридан-тўғри қўмита раисига бўйсунади;
унинг асосий вазифаси — экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш;
“Яшил макон” умумхалқ лойиҳаси доирасида бажарилган ишларга оид маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва натижадорлигини назорат қилиш;
табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш ва қонуний чоралар кўриш.
Табаррак сана – Конституция куни
Барча педагог ходимлар ва талаба-ёшларга 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни билдираман. Сизларга Конституцияда мустаҳкамланган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва шахсий ҳуқуқ ва эркинликларингиз ҳаётда тўлиқ рўёбга чиқишини тилайман.
Муҳим эслатма
Янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан Адлия вазирлигининг www.лех.уз Қонунчилик маълумотлари базаси орқали мунтазам танишиб боришингизни яна бир бор таъкидлайман.
Зеро, Бош қомусимизнинг 1-моддасида:
“Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”
деб эълон қилинган. Шу боис педагоглар ва талабалар ҳуқуқий маданиятининг юқори бўлиши, суд-ҳуқуқ ислоҳотларида фаол бўлиши давр талаби ҳисобланади.
ҚарДУ катта юрисконсульти С.И.Азизов