“Куч бирликда – зўравонликка ўрин йўқ” мавзусида маърифий тадбир
Ҳар йили дунё бўйлаб ўтказиладиган “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси 25-ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш куни билан бошланиб, 10-декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни билан якунланади. Мазкур ташаббус аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборини қаратиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ана шу доирада бугун Қарши давлат университетида “Куч бирликда – зўравонликка ўрин йўқ” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирга вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Коммуна Исмоилова, шунингдек Қарши шаҳар ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, подполковник Наргиза Мақсадова таклиф этилди. Тадбир давомида зўравонликнинг асосий кўринишлари, унинг жамиятга таъсири ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишда ёшларнинг фаоллиги муҳимлиги ҳақида сўз юритилди. Иштирокчиларга хотин-қизларни ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича мамлакатимизда йўлга қўйилган ислоҳотлар ва амалий механизмлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Тадбир жараёнида мавзуга оид видеороликлар намойиш этилди, талаба қизлар томонидан саҳнавий чиқишлар ижро этилди. Мазкур учрашув ёшлар онгида зўравонликка қарши онгли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.