“ҚАДРИЯТЛАРИНГ БОҚИЙ БЎЛСИН, НАВРЎЗ!”

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-хизматчилар! 

Ҳар бир миллатнинг қадриятлари кўзгусига айланган ўзига хос байрамлари бор. Бу каби айёмлар муайян халқнинг эзгу фазилатлари, маънавий қиёфаси ва руҳий оламини акс эттириши билан юксак қадр-қимматга эга. Шу маънода айтиш мумкинки, Наврўз бутун Шарқ халқлари, хусусан, ўзбек миллатининг қон-қонига сингиб кетган қадриятларини тўла-тўкис ўзида мужассам этган улуғ айёмдир. 

Мамлакатимизда ҳар йили ушбу қутлуғ умумхалқ байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ва юқори савияда нишонлаш анъана тусини олган. 2025 йилги Наврўз байрами ҳам президентнинг тегишли қарори билан юртимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш ўринлики, Наврўз чин маънода инсонийлик, иймон-эътиқод, тотувлик ва осойишталикнинг тантанасидир. Шунингдек, у Ватан, борлиқ ва она табиатга муҳаббат, саховат, мурувват, бунёдкорлик ҳамда олижаноблик каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этиши билан шариф ва латиф байрам ҳисобланади. Президентимиз ҳақли эътироф қилганидек: “Бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди ҳамда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг нишонланмоқда”.

Ҳақиқатан, ушбу улуғ айёмнинг руҳи ва фалсафасида, аввало, инсонпарварлик ғояси муҳим ўрин тутади. Наврўзнинг ана шу бош ғоясига мамлакатимизда ўтказиладиган ҳар йилги тантаналарда алоҳида диққат қаратилиши эътирофга лойиқ. Президент қарорига кўра, бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинади, улар учун байрам дастурхони ёзиш ҳамда турли хайрия тадбирлари ўтказилади.

Албатта, президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан бундай рағбатнинг берилиши юртимизнинг ҳар бир гўшасида, байрамона руҳ, байрамона кайфиятнинг қалблардан янада мустаҳкам ўрин олишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, бундай эзгу ғояларнинг кўп миллатли халқимиз орасида ҳам кенг ёйилишига замин яратади. Байрам арафасида кишиларнинг бир бирларига ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиб, табаррук кексаларимизни йўқлаб, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиб, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилишга ундайди. Бу эса, ўз ўрнида, шарқона янги йил – Наврўзнинг файзини бениҳоя орттиради. 

Баҳор фасли таровати, гўзаллиги ва нафосатини зоҳири ва ботинига жо қилган мунис онахонларимиз, опа-сингилларимизнинг айёми – Халқаро хотин-қизлар куни ҳам баҳорнинг илк нафасида нишонланишида ҳам ўзгача ҳикмат бор. Фурсатдан фойдаланиб азиз ва мўътабар опа-сингилларимиз, онахонларимиз, жумладан, университетимизда фаолият олиб бораётган ва таҳсил олаётган барча хотин-қизларни яна бир бор табриклашдан беҳад мамнунман.

Шарқ халқлари ҳаётида ушбу баҳорий айём – Наврўзи оламнинг аҳамияти юқори экани кўп бор таъкидланган. Айниқса, она табиатнинг уйғониши, борлиқнинг рангин жилоларда товланиши тан ва руҳиятни қувватлантириб, янги мақсадлар, янги марралар сари интилишимизга катта илҳом беради. Кишилар руҳиятидаги бундай ижобий ўзгариш, кўтаринкилик, албатта, жамият ҳаётида натижадорликни кескин оширади. Буни биргина университетимиз фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Агар йил давомида эршилган ютуқларимизни сарҳисоб қилсак, арзигулик қатор ютуқларимиз борлигидан қалбларимизда фахр туямиз. Хусусан, университетимизда амалга оширалаётган кўплаб бунёдкорлик ишларини, ходимларнинг илмий-педагогик соҳаларда юқори натижалар кўрсатаётганини, талабаларнинг турли соҳалар, жумладан, спорт ва фан йўналишида янги марраларни забт этаётганларини эслаб ўтиш кифоя. Албатта, бу муваффақиятлар азиз устозларнинг машаққатли меҳнати ва қадрли  талабаларимизнинг ғайрат ва шижоати уйғунлигининг мевасидир. Бир сўз билан айтганда, университетимиз Янги Ўзбекистоннинг бугунги салоҳияти ва нуфузига ҳар томонлама муносиб фан, таълим, адабиёт, санъат, маданият, спорт каби соҳаларда ўзини кўрсатиб, олқишларга сазовор бўлиб келмоқда. 

Қадрли университет жамоаси! 

Жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бирдамлик руҳини мустаҳкамлашда беқиёс ўрин тутган мунаввар ва файзли айём – Наврўзи олам билан Сиз азизларни табриклашдан, қалбим тўридаги энг самимий тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман. Қутлуғ байрамни нишонлаш арафасида, бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик бўлишини, барчагизнинг хонодонингизда фақат яхши кунлар, тўй-томошолар кўп бўлишини тилайман! Наврўзи олам халқимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин! Байрам барчамизга муборак бўлсин!

Дилмурод НАБИЕВ, 

университет ректори, профессор