Ёшларни бир манзилда жамлаган фестиваль

31 май куни Шаҳрисабз шаҳар Амир Темур хиёбонида жойлашган Амфитеатрда Тошкент давлат транспорт университети, Шаҳрисабз давлат педагогика институти, Қарши давлат университети ҳамкорлигида “Ватаннинг ҳар қарич ери муқаддасдир” шиори остида “Ёшлар фестивали” ташкил этилди.

Қашқадарё вилояти ўзининг меҳмондўст аҳолиси, қадимий урф-одатлари, кўп йиллар давомида яшаб келаётган ҳудуд сифатида ажралиб туради, - дейди Қарши давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Илхом Бекпулатов. - Мазкур фестивалда асосий эътибор юртимизда туризмни ривожлантириш, унинг тарихий масканлари ҳақида қизиқарли контентлар тайёрлаш ва маданий меъросини кенг тарғиб қилиш масалаларига қаратилди.

Фестиваль доирасида талабаларнинг қўл меҳнати билан тайёрланган сопол буюмлар ва расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, фестивалнинг бадиий қисмида Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳамда Қарши давлат университетининг ижодкор талабалари томонидан миллий куй-қўшиқларимиздан ташкил топган концерт дастури намойиш этилди. Аҳамиятлису, байрам дастури Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюрган хорижий туристларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.