Амалий математиканинг замонавий муаммолари ва истиқболлари
Қарши давлат университетида Амалий математика кафедраси томонидан жорий йилнинг 24-25-май кунлари “Амалий математиканинг замонавий муаммолари ва истиқболлари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Унда хориждан етакчи олимлар, юртимиз олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларининг профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар иштирок этди.
Конференцияни Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор И.Бекпулатов ҳамда Ўзбекистон Миллий университети профессорлари М.Арипов, Б.Шоимқулов кириш сўзи билан очиб берди. Ялпи мажлисда Россия фанлар академияси Сибир бўлими Ҳисоблаш математикаси ва математик геофизика институти лабораторияси мудири, профессор Х.Имомназаров, Ўзбекистон Миллий университети профессорлари Р.Алоев, Н.Игнатев, Тошкент давлат транспорт университети профессори Х.Шадиметов ўз маърузалари билан қатнашишди. Сўнгра конференция шўбаларга бўлинган ҳолда олиб борилди.
Конференциянинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори А.Юлдашев, Ўзбекистон Миллий университети профессори М.Хакимов, Ўзбекистон Фанлар Академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти профессори У.Жамиловнинг маърузалари тингланди. Якунда тажрибалар ўртоқлашилиб, мавзу доирасида зарур хулосалар шакллантирилди.