Фестиваль: қадрият, урф-одат, анъана – миллат кўзгуси
Бугун Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида Қарши давлат университети томонидан “Миллий қадриятлар фестивали” ўтказилди. Бунда ёшларда миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга нисбатан ҳурмат, Ватанга садоқат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни “оммавий маданият” хуружларидан асраш, уларнинг маънавий баркамол шахс сифатида жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш мақсадлари кўзланди.
-Ёшлар фаоллигини таъминлашнинг яна бир муҳим йўналиши улар онгида миллий урф-одат ва анъаналарни шакллантиришдир, - дейди Маънавий ва маърифий ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Шерзод Акрамов. – Мазкур фестиваль ёшларда миллий тарихимиз кўзгуси бўлган қадрият ва анаъналарга ҳурмат руҳини уйғотишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Фестивалда университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари томонидан миллий анъаналар, қадрият ва урф-одатлар кўргазма ва маданий дастур шаклида намойиш этилди. Жумладан, келин салом, алла, миллий либослар кўргазмаси, ўлан ва лапарлар, гилам тўқиш, урчуқ йигириш, бахшичилик, тош кўтариш, арқон тортиш, заргарлик, чиллак, қараб теп ўйини (ланка), кураш, кулолчилик, мақом ансамбли, оркестр жамоалари чиқишлари ва расмлар танлови миллий қадриятлар сайлига ташриф буюрганларда ўзгача таассурот қолдирди.