"Қашқадарё тажрибаси"ни ўрганиш мақсадидаги ташрифлар давом этмоқда

Хабар берилганидек, Қарши давлат университетида шаклланган "Қашқадарё тажрибаси"ни республиканинг бошқа олий таълим ташкилотларига оммалаштириш мақсадида ректорлар ва соҳа проректорлари иштирокида тажриба алмашиш жараёнлари давом этмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидан олий таълим ташкилотлари ректорлари ҳамда тегишли соҳа проректорлари Қарши давлат университетига ташриф буюришди. Ташриф давомида меҳмонлар Тиллар факультетининг ўқув биноси, Анжуманлар саройи, Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази ҳамда Халқаро илмий лабораториялар маркази фаолияти билан танишдилар. Танишув дастурининг якуний қисми Халқаро илмий лабораториялар марказида ташкил этилган семинар билан давом этди. Унда университет ректори Д.Набиев олийгоҳда сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида тақдимот ўтказди. Тақдимотда университет эришаётган натижалар, истиқболдаги режалар ҳамда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самаралари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, давлат раҳбари томонидан таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани яратıш учун берилаётган имкониятларнинг аҳамияти таъкидланди. Семинар якунида ҚарДУ тажрибасини бошқа олий таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш, самарали ёндашувларни оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди. Маълумот ўрнида, республикадаги олий таълим ташкилотлари ректорлари ва директорлари иштирокидаги "Қашқадарё тажрибаси"ни ўрганишга қаратилган ташрифлар 30-октабрдан 4 ноябрга қадар давом этади.