Бўлғуси шифокорлар қасамёд қабул қилди

28 Октябрь 2023, 09:45
Университет янгиликлари

Ҳар бир шифокор ўз фаолиятини бошлаш олдидан, албатта, қасамёд қилади. Бемор қандай инсон, қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар даволашга, тиббий ёрдам беришга аҳд қилади, шу вазифани, масъулиятни ўз зиммасига олади. Бугун вилоят мусиқали драма театрида Қарши давлат университети профессор-ўқитувчилари, ота-оналар ва Тиббиёт факультети талабалари иштирокида “Талабаликка бағишлов” тадбири бўлиб ўтди. 

Дастлаб Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Бекпулатов “Ректор табриги”ни ўқиб эшиттирди ҳамда бўлажак шифокорларнинг ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилади. Жорий ўқув йилида Тиббиёт факультети талабалари сафига 169 нафар ўғил-қизлар қўшилди. Бўлғуси шифокорлар қасамёд қабул қилиш орқали теран билим олишни, касбни мукаммал эгаллаб, халқимизга виждонан хизмат қилишни мақсад қилишди. 

Шифокорлик - шарафли ва айни дамда ўта масъулиятли касб. Бу заҳматли фаолиятга умрини бахшида этмоқчи бўлган ёшлар келгусида нафақат эгнидаги оқ либоси, балки қалбига ҳам гард юқтирмасликлари лозим. Беморларга ўз жон-жигарлари, яқинларидек муносабатда бўлиш учун эса, аввало, покиза ният, олижаноб мақсад ва қатъий аҳд зарур. Тадбир гўзал куй-қўшиқларга уланиб, ўзгача мазмун касб этди.