“Қақнус”дан навбатдаги беназир ижро!

27 Октябрь 2023, 12:42
Университет янгиликлари

Бугун вилоят мусиқали драма театрида Қарши давлат университетининг “Қақнус” талабалар театр-студияси томонидан намойиш этилган “Манқурт” спектакли ўзгача воқеа бўлди. Атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги манқурт ҳақидаги афсона асосида режиссор Музаффар Файзиев томонидан саҳналаштирилган “Манқурт” спектаклининг фалсафий ечими, рамзий топилмалари билан мухлису мутахассисларда ижобий таассурот қолдирди.

Саҳна ўртасида мойжувоз, ёшлик суруридан сармаст Жўломон (Филология факультети талабаси Сардор Умаров) уни айлантириб, бор қувончу шодлигини тўкиб солади. Онаси келтирган таомни ҳузур билан тановул қиларкан, бутун вужудида йигитлик шавқи, эҳтироси жўш уради. Дафъатан саҳнадаги сокин муҳит ўрнини шовқин-сурон, қий-чув эгаллайди, қўлида арқон ўйнатган бир гала манқуртлар Жўломонни она бағридан юлқиб олиб, ўз сафларига тортади. Найман онанинг кўзларига дунёи дун қоронғи бўлади, у ҳар қанча фарёд чекмасин, фарзандини қутқариб қололмайди.

Жафокаш Найман она ролини Кимё-биология факультети талабаси Барно Тўймуродова ижро этди. Таъкидлаш жоиз, ушбу саҳна асари орқали инсоннинг хотираси, ўзлигидан маҳрум бўлиши нақадар даҳшатли экани, бу фожианинг умуминсониятга дахлдорлиги очиб берилди. Спектакль якунида “Қақнус” талабалар театр-студияси ижодий раҳбари П.Номдоров, вилоят мусиқали драма театри актёри Ў.Бойқобилов, ота-оналар, университет ўқитувчилари, талабалар сўз олиб, режиссор ва ёш актёрларнинг ижро маҳоратини алоҳида эътироф этишди.