Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар фестивали

14 Март 2025, 15:36
Оммавий тадбирлар

Қарши давлат университетида “Миллий либослар ва қадриятлар” мавзусида фестиваль ўтказилди. Бундан ёшларда миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга нисбатан ҳурмат, Ватанга садоқат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни ”оммавий маданият”  асраш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётган иқтидорли ва истеъдодли ижодкорлар, ижтимоий фаол навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш мақсадлари кўзланган.

Фестиваль аввалида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъул ходими Х.Эшов маънавиятимизнинг асоси бўлган миллий қадриятлар халқимизнинг улкан мероси эканлигини таъкидлади. Фестивалда факультетлар жамоалари томонидан миллий таомлардан иборат дастурхонлар ёзилиб, миллий этник фольклор чиқишлар, варрак учириш, кураш, арқон тортиш каби нафақат ўзимизнинг миллий қадриятларимиз, балки юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг урф-одатлари, анъаналари акс этган саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлари, миллий ўйинлари намойиш этилди.

Аҳамиятлиси, миллий либослар, тақинчоқларнинг мавжудлиги ва жамоа учун ажратилган ҳудудни безатилиши, ҳудудий урф-одатларнинг ўзига хослигини акс этиши, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, оғзаки, мусиқа жўрлигида ашула ижрочилиги, чолғу ижрочилиги ва рақс миллий анъаналари ижроси услублари ва йўлларининг мутаносиблиги, миллий таомларнинг тайёрланиши ва ўзига хослигини ёрқин ифода этган факультетлар жамоалари ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.