ҚарДУ ўқитувчилари Испаниянинг нуфузли ОТМларида илмий стажировка ўтамоқда

13 июнь 2023
Семинарлар

Жорий йилнинг 29-майидан Қарши давлат университети Инглиз тили ва адабиёти кафедраси таянч докторанти Дилсўз Мусаева ҳамда Лингвистика (Инглиз тили) кафедраси ўқитувчиси Орзигул Отамуродова Испаниянинг Валладолид университети ва Хаэн университетларида илмий стажировка ўтамоқдалар. Ташриф доирасида улар Испаниянинг энг қадимий университетларидан (ХИИИ асрда ташкил топган) ҳисобланган Валладолид университети ўқитувчилари ва Гуманитар фанлар факультети халқаро лойиҳалар координаторлари билан учрашув ўтказдилар. Мулоқот давомида Қарши давлат университети ва Валладолид университетлари ўқитувчиларининг ўзаро илмий стажировкаларини йўлга қўйиш, каллоборацияни кучайтириш, Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасида ҳамкорликни самарали давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бирга, ҚарДУ вакиллари Валладолид университетининг Саноат муҳандислиги факультети ва Микробиология кафедраси лабараториялари билан танишишди.

 

Ташрифнинг иккинчи ҳафтаси Хаэн университетида давом этди. Испаниянинг Хаэн университети 2020-йилдан буён Қарши давлат университети билан Эрасмус+ дастури доирасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йилнинг баҳорги семестрида Қарши давлат университетининг икки нафар бакалавр талабаси Хаэн университетида Эрасмус+ Халқаро кредит мобиллиги гранти совриндори бўлиб, бир семестер давомида ҳамкор ОТМда ўқиш имкониятига эга бўлдилар. Инглиз филологияси факультети талабалари Абдулазиз Холмўминов ва Севара Қутбиддинова айни дамда Хаэн университетида баҳорги семестер фанларини тамомлаб, якуний имтиҳонларни топширмоқдалар.

Ташриф доирасида Хаэн университети Инглиз филологияси профессори Й.А.Кабаллеро ва халқаро дастурлар координатори, профессор Х.Р.Падилла билан мулоқот ўтказилиб, ушбу университет профессор-ўқитувчиларини ҚарДУ таълим жараёнларига жалб қилиш ҳамда университет профессор-ўқитувчиларининг дунё университетлари топ мингталик рўйхатида бўлган Хаэн университетида қисқа муддатли стажировкаларини ташкил қилиш бўйича фикр алмашилди.