"Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовларини муваффақиятли топширган талабалар муносиб тақдирланди
Жорий йилнинг 5-майидан 3-июнига қадар республикамиздаги олий таълим муассасаларининг 18–29 ёшдаги талабаларидан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари қабул қилинди. Мазкур спорт синовларида Қашқадарё вилоятидаги 9 та олий таълим муассасаси талабалари ҳам фаол иштирок этиб, махсус ва ихтиёрий талаблар бўйича ўз жисмоний имкониятларини синовдан ўтказдилар. Қарши давлат университетида вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган спорт синовларининг махсус ва ихтиёрий талаблари бўйича ғолиб ҳамда совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Худойқулов, Қарши давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърий ишлар бойича биринчи проректори О.Кузиев, спорт соҳаси вакиллари ҳамда талабалар иштирок этдилар. Тақдирлаш маросимида спорт синовларининг махсус талаблари бўйича ғолиб ва совриндор бўлган 18–29 ёшдаги 39 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан I, II ва III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари, гувоҳномалари ҳамда спорт формалари билан тақдирланди. Шунингдек, спорт синовларининг ихтиёрий талаблари бўйича юқори натижа қайд этган 42 нафар талаба спорт формалари билан рағбатлантирилди.