
“Лочин” ғалабали серияни давом эттирмоқда!
Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги “Дўстлик” стадионида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган биринчи лига 2 тур учрашувлари доирасида қизғин беллашув бўлиб ўтди. Унда мезбон — “Каттақўрғон” жамоаси Қарши давлат университети “Лочин” футбол клубига қарши майдонга тушди. Учрашув олдидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов юртимизда футболга қаратилаётган эътибор, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди ва ҳар икки жамоага омад тилади. Мухлислар олқиши остида ва кескин курашларга бой тарзда кечган беллашувда “Лочин” жамоаси рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур ғалаба билан жамоамиз мусобақадаги иккинчи учрашувида ҳам зафар қучиб, ғалабали серияни давом эттирди. Жамоамизни Қарши давлат университети номидан чин қалбдан табриклаймиз ва кейинги баҳсларда ҳам муваффақиятлар тилаймиз! Эслатиб ўтамиз, “Лочин” биринчи турда “Насаф-Фарм” клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Навбатдаги учрашув 25 апрель куни Бешкент шаҳар “Марказий” стадионида бўлиб ўтади. Унда жамоамиз ўз майдонида Бухоро давлат университети жамоасига қарши баҳс олиб боради.