Абитуриентлар учун эслатма

20 January, 2021

Абитуриент қабул комиссиясига тегишли ҳужжатларни топшириши, топширган ҳужжатларига мос маълумотлар абитуриентлар базасига тури киритилганини тасдиқлаши лозим. Қабул жараёни тугагандан сўнг абитуриентнинг мурожаатлари (шикоятлари) инобатга олинмайди.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга: саволлар китобчасидан қоралама сифатида фойдаланиш;

тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорт билан шахсни идентификациялаш воситалари хамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши, тест синовларини ўтказиш қоидаларига қатъий амал қилиши билан биргаликда, биринчи сменада соат 07:30 дан 08:00 гача, иккинчи сменада соат 14:30 дан 15:00 гача куйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:

тест топшириқлари китоби ва унга мос рақамли жавоблар варақаси рақамлари мослигини текшириш;

тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;

жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;

тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойга фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзо қўйиш;

жавоблар варақаси рақамини абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойига тўғри кўчириб имзо қўйиш;

титул варақасида кўрсатилган махсус код ва таълим муассасаси кодини жавоблар варақасида кўрсатилган жойга тўғри кўчириб ёзиш ва тегишли доирачаларни бўяш.

Абитуриент юқорида кўрсатилган мажбуриятларидан ташқари қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:

жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;

жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;

жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;

белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.

Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.

Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади. Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.