Республика танловлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

19 Ноябрь 2026, 12:27
Университет янгиликлари
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Талаба-ёшлар билан ишлаш маркази томонидан ташкил этилган “Ислоҳотлар билимдони”, “Китобхон ёшлар лигаси” танловларининг 1-, 2-, 3-мавсумлари ҳамда “Миллий қадриятлар тарғиботчиси” республика танловлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Талаба-ёшлар билан ишлаш маркази раҳбарияти, республикамиздаги олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган танлов ғолиблари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди. Маросимда сўз олганлар, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва миллий қадриятларни кенг таргиб этишда бундай танловларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, ғолиб ва совриндорларни эришган натижалари билан муборакбод этдилар. Тантанали маросим давомида танловларда юқори натижаларга эришган иштирокчиларга дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Қувонарлиси, “Китобхон ёшлар лигаси” танловининг барча учала мавсумида ҳам Қарши давлат университети талабалари ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. Жумладан, Бахтинисо Салимова, Шоҳиста Шермаматова, Маржона Эшдавлатова, Исмигул Саматова, Динора Улашева ҳамда Севинч Уролова дипломлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Талабаларимизни муборакбод этамиз ва келгуси фаолиятларида янада улкан муваффақиятлар тилаймиз!