Университет янгиликлари

Таълим сифатини ошириш йўлида ҳамкорлик

6 January, 2023

Жорий йилнинг 6 январь куни Қарши давлат университетига ўзаро тажриба алмашиш, бунёдкорлик, ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент фармацевтика институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор И.Сагатов, ректор маслаҳатчиси Т.Қирғизбоев ҳамда Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Б.Болтаева ташриф буюрди. Меҳмонларни Қарши давлат университети масъуллари кутиб олди. Танишувнинг дастлабки манзили янгитдан мукаммал таъмирланиб фойдаланишга топширилган ва замонавий талаблар асосида жиҳозланган Тиббиёт факультети ўқув биноси бўлди. Янги ўқув биносидан маъруза заллари, шинам ўқув аудиториялари, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган биокимё ва микробиология ўқув лаборатория хоналари, муҳташам фаоллар зали ҳамда инновацион лойиҳаларни яратиш ҳамда уларни ривожлантириш мақсадида бўлган ёшлар учун замонавий Инкубация маркази ўрин олган.

Ўқув биносида яратилган шароит ва имкониятларни кўздан кечирган меҳмонлар 1200 ўринли ўқув биносига таклиф этилди. Катта ҳажмдаги LED экрани ва электрон минбар билан жиҳозланган маърузалар зали, энг сўнгги замонавий технологияларни ўзида мужассам этган рақамли таълим технологиялари маркази меҳмонлар эътирофига сазовор бўлди. Бундан ташқари, 1-сонли ва 2022 йил якунида фойдаланишга топширилган 8-сонли талабалар турар жойи эътибордан четда қолмади. Бу шунчаки саёҳат эмас. Балки, ўзаро тажриба алмашиш, илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун илк ташаббусдир. Сабаби Қарши давлат университети ҳам Тошкент фармацевтика институти ҳам ўз илмий салоҳияти, тажрибаси ва анъаналарига эга. Уларни ҳаётга татбиқ этиш икки олий таълим муассасасида таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.