Вилоят ҳокими Қарши давлат университетидаги қурилиш ишлари билан танишди

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Қарши давлат университети ректори Дилмурод Набиев ҳамроҳлигида олийгоҳ ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ташриф давомида 1978-йилда қурилган ўқув (ёрдамчи) биноси ўрнида барпо этилаётган замонавий анжуманлар саройи қурилиши кўздан кечирилди. Ҳоким қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, қурувчилар билан суҳбатлашди ҳамда қурилиш сифатини янада ошириш юзасидан зарур тавсияларини берди. Айни пайтда объектда эски биноларни бузиш ва ер ишлари якунланиб, пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидланганидек, замонавий анжуманлар саройи университет инфратузилмасини янада бойитиб, олийгоҳ қиёфасига кўрк бағишлайди ҳамда профессор-ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун замонавий ва қулай шарт-шароитларни яратади.