ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВEРСИТEТИНИНГ РАСМИЙ МУНОСАБАТИ
Ижтимоий тармоқларда Қарши давлат университетида футбол тўплари хариди юзасидан тарқатилган хабарлар муносабати билан қуйидагиларни маълум қиламиз. Қарши давлат университетининг "Лочин" футбол клуби ўз тарихида илк бор 2026-йилги мавсумдан Пролига мусобақаларида иштирок этмоқда. Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг 2026-йилги Пролига регламентининг 15.6-бандига мувофиқ, расмий учрашувларда Лига томонидан тақдим этилган профессионал футбол тўпларидан фойдаланилади, машғулотлар учун эса клуб профессионал футбол тўпларини мустақил равишда харид қилиши талаб этилади. Мазкур талабларни бажариш мақсадида 2026-йил 30-июндаги №4906655-сонли шартнома асосида 5 дона Адидас Тиро Про русумли профессионал футбол тўпи ҳар бири 1 550 000 сўмдан харид қилинган. Товарлар белгиланган тартибда етказиб берилган бўлиб, бу ҳолат 2026-йил 7-июльдаги №288-сон ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланган. Ҳисобварақ-фактурага мувофиқ университет томонидан 5 дона футбол тўпи жами 7 750 000 сўм қийматда қабул қилинган. Ижтимоий тармоқларда тилга олинган №4906656-сонли шартнома эса етказиб берувчи томонидан товар ўз вақтида етказиб берилмаганлиги сабабли бекор қилинган. Ушбу шартнома бўйича товар қабул қилинмаган ва бюджет маблағлари сарфланмаган. Шу боис ижтимоий тармоқларда билдирилган "1 дона футбол тўпи 1,5 миллион сўмга харид қилинган" деган хулоса ҳақиқатни тўлиқ акс эттирмайди. Чунки мазкур маълумот амалда ижро этилмаган, бекор қилинган шартнома билан боғлиқ ҳолатни ҳам ўз ичига олган. Қарши давлат университетида давлат харидлари амалдаги қонунчилик талаблари асосида очиқ электрон платформа орқали амалга оширилади. Барча харидлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва тасдиқловчи ҳужжатлар билан юритилади. Университет жамоатчиликни холислик тамойилига амал қилишга, хулосалар чиқаришда расмий ҳужжатлар ҳамда тасдиқланган маълумотларга таянишга чақиради.