Европа университети билан илмий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Қарши давлат университетига Испаниянинг Валладолид университети делегацияси ERASMUS+ KA171 дастури доирасида ташриф буюрди. Учрашувда Қарши давлат университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Бекпулатов ҳамда Валладолид университетининг Халқаро алоқалар бўйича проректори José Ramón González ва Халқаро бўлим бошлиғи Mar Fernández Sainz иштирок этди. Тадбир давомида меҳмонлар томонидан Валладолид университетининг Докторантура мактаби фаолияти, ERASMUS+ KA171 дастури имкониятлари, Осиё давлатлари талабалари учун магистратура грантлари, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар академик алмашинуви ҳамда илмий тадқиқотлар йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан Қарши давлат университети докторантлари учун тақдимотлар ўтказилди. Учрашув якунида ERASMUS+ KA171 дастури доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, академик алмашинувлар кўламини кенгайтириш ҳамда янги қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.