Қабул2026: Қарши давлат университетида касбий (ижодий) имтиҳонларга старт берилди

Қарши давлат университетида 2026/2027-ўқув йили қабули доирасидаги касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди. Эрта тонгдан имтиҳонларга ташриф буюрган абитуриентларни университет Қабул комиссияси аъзолари кутиб олиб, имтиҳон жараёнлари, тартиб-қоидалар ҳамда белгиланган талаблар юзасидан батафсил маълумот бердилар. Бугун спорт фаолияти (кураш), адаптив жисмоний тарбия ва спорт, шунингдек, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича 200 нафардан ортиқ абитуриент касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этмоқда.  Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларига қулайлик яратиш мақсадида имтиҳон жараёнларини салқин кузатув залида ҳамда https://live.qarshidu.uz/ платформаси орқали реал вақт режимида онлайн кузатиш имконияти яратилган. Имтиҳонлар ўтказилаётган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ҳамда тиббиёт ходимлари навбатчилик қилмоқда. Эслатма! Абитуриентлар имтиҳон ўтказиладиган бинога шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID карта)нинг асл нусхаси ҳамда абитуриент рухсатномаси билан белгиланган вақтда келишлари сўралади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар 8–17-июль кунлари давом этади.