ҚарДУ талабаси АҚШ университетига грант асосида қабул қилинди

24 Апрель 2026, 06:06
Университет янгиликлари

Қарши давлат университети Иқтисодиёт факультети 1-босқич талабаси Аҳмадов Санжар Соҳибович ўзининг интилиши ва салоҳияти билан юксак натижага эришди. У бир вақтнинг ўзида хориждаги 5 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниб, якунда АҚШнинг West Virginia State University (WVSU) университетини грант асосида танлади. Санжар учун бу ютуқ болаликдан орзу қилинган мақсаднинг рўёбидир. У нафақат хорижий университетга қабул қилинди, балки грантни қўлга киритиб, АҚШда таълим олиш имкониятига эга бўлди. “Хорижда таълим олиш менинг энг катта орзуларимдан бири эди. Шу мақсад сари тинимсиз ҳаракат қилдим ва ниҳоят натижага эришдим. Бу йўлда мени доимо қўллаб-қувватлаган ота-онам ва устозларимдан чексиз миннатдорман”, — дейди Санжар Аҳмадов. Мазкур ютуқ ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб, катта мақсадлар сари интилишда қатъият ва меҳнат муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Талабамизга илм йўлида улкан муваффақиятлар тилаймиз!