“Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси”: ҚарДУда мусобақалар жараёни кўздан кечирилди
Спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида вилоятимизда бўлиб турган Республика ишчи гуруҳи Қарши давлат университетига ташриф буюрди. Жумладан, вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва ташкилот бош котиби Ойбек Қосимов университетда талабалар учун яратилган спорт инфратузилмаси билан танишдилар. Меҳмонлар университетда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси”нинг стол тенниси бўйича саралаш баҳсларини кузатиб, талабаларнинг тайёргарлигига эътибор қаратдилар. Маълумот ўрнида, мазкур олимпиада спортнинг 7 тури (баскетбол 3х3, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол) бўйича апрель–июнь ойларида уч босқичда ўтказилиши белгиланган. Ҳозирда бошқа спорт турлари бўйича ҳам мусобақаларнинг университет босқичи қизғин давом этмоқда. Ташриф асносида ишчи гуруҳи аъзолари университетнинг “Лочин” футбол клуби ва волейбол жамоаси аъзолари билан учрашиб, ёш спортчиларнинг режалари ва эришган ютуқлари юзасидан самимий мулоқот қилдилар.