Ёшлар учун таълим имкониятлари: “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари Қарши давлат университетида
24–31-март кунлари мамлакатимизда халқаро таълим дастурларини кенг жорий этиш, ёшларни глобал академик ҳамжамиятга жалб этиш ва Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган таълим марафони — “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари бўлиб ўтмоқда. Шу доирада Қарши давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Мақсадли стажировкаларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғолибжон Хатамов ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Илхом Бекпулатов кириш сўзи билан очди. Учрашув давомида жамғарма фаолияти, хорижда магистратура ва докторантурада ўқиш, грант ва стипендиялар олиш имкониятлари, шунингдек, ариза топшириш, ҳужжатларни тайёрлаш ва танлов жараёнларида иштирок этиш бўйича батафсил тушунчалар берилди. Тадбир ёшлар учун қизиқарли ва фойдали бўлиб, улар учун таълим ва илм-фан соҳасидаги кенг имкониятларни очиб берди.