Университет янгиликлари

Онлайн мулоқотда талабаларни турар-жой билан таъминлаш ва ижарага жойлаштириш тартиби ҳақида сўз борди

11 September, 2021

Жорий йилнинг 10 сентябр куни Қарши давлат университетида талабаларнинг талабалар турар жойига жойлашиши ва ижарага турар жой топишида кўмаклашиш бўйича овозли чат ташкил этилди. Овозли чат университетнинг Телеграмдаги "qardu_prorektor" расмий каналида бўлиб ўтди. Овозли чатда ҚарДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Элёр Ибрагимов,  Ахборот хизмати раҳбари Ойбек Юсупов, шунингдек, барча масъуллар ҳамда талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

 

Овозли чат аввалида Элёр Ибрагимов университет раҳбарияти ҳар бир талабани ўз фарзандидай кўриб, унинг тақдирига бефарқ бўлмаслиги, уларнинг ҳар бир муаммоси устозлар кўмагида ҳал қилиниши ҳамда амалий ёрдам берилишини алоҳида таъкидлади. Спорт ва илм-фан тўгараклари, “Ректор кубоги” доирасида ташкил этиладиган кўрик-танловлар хусусида батафсил сўз юритди. Онлайн мулоқотнинг асосий мавзуси талабалар турар жойига жойлашиш ва имтиёзлар қўлланилиш тартиби, ижарада яшовчи талабалар учун яратилган имкониятлар бўйича зарур маълумотлар берилди.

Айни дамда университетга қарашли 1-2-3-8-талабалар турар жойларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 4-5-6-7-талабалар турар жойларида янги мебеллар – икки қаватли кроватлар олиб келиниб, ўрнатилмоқда. Натижада жорий ўқув йилида талабалар турар жойига эҳтиёжи бор 55 фоиз талабалар қамраб олинади.

Овозли чат давомида талабалар ҳамда ота-оналар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Якунда бу каби овозли чатлар яна ташкил этилиши ва керакли маълумотлар университет расмий саҳифаларида бериб борилиши қайд этилди.

Теглар: #Onlayn muloqot