Университет янгиликлари

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси – иқтисодий барқарорлик асоси

17 July, 2021

Сўнгги вақтларда айрим ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон олтин-валюта заҳирасининг камайиб кетаётганлиги тўғрисидаги турли хил фикрлар билдирилмоқда.

Шу ўринда ушбу масала бўйича айрим таҳлилий фикрларни келтириб ўтамиз:

Марказий банкнинг 2021 йил 1 июль ҳолатига берган маълумотига кўра Ўзбекистон олтин-валюта захираси 34,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Таққослаш учун, 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатига республиканинг расмий захира активлари 35,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, ўтган бир ой ичида захира 1,4 миллиард АҚШ долларига камайган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йилнинг февраль ойида олтин ҳажми 18,7 миллион троя унцияни ташкил этган бўлса, июль ойига келиб бу кўрсаткич 19,2 миллион троя унцияни ташкил этиб, олтин захираси тахминан 0,5 миллион троя унцияга кўпайган.

Олтин-валюта захираси 2021 йилнинг февраль ойида 34,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, июль ойига келиб бу кўрсаткич 34,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

2021 йилнинг март ойида бир унция олтин нархи 1834 АҚШ доллари (февраль ойи)дан 1724 АҚШ долларига (фарқ 110 доллар), июль ойида 1904 АҚШ доллари (июнь ойи)дан 1778 АҚШ долларигача (фарқ 126 доллар) камайганлигини кўриш мумкин. Натижада республика олтин-валюта захираси март ойида 1,7 миллиард АҚШ долларига, июль ойида эса 1,4 миллиард АҚШ долларига камайган.

Бундан кўриш мумкинки, олтин-валюта захирасининг моддий ҳажми кўпайган, бироқ жаҳон бозорида олтин нархини тушиши унинг пул ифодасидаги кўрсаткичини (АҚШ долларида ҳисобланадиган кўрсаткичи) камайишига олиб келган.

Демак, захираларнинг кескин камайишига олтиннинг сотиб юборилиши эмас, балки жаҳон бозорида унинг нархини сезиларли пасайиши асосий сабаб бўлган.

Маълумки, олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.

Мамлакатнинг олтин-валюта захираси ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни сотишдан келиб тушган хорижий валюта активлари ҳисобига шаклланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, 2021 йилнинг биринчи чораги якуни бўйича Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиши ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 103% дан кўпроқни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожланиб бораётганлигидан дарак беради. 

Дилмурод Набиев, 

ҚарДУ ректори, 

иқтисод фанлари доктори, доцент.