Математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиаданинг саралаш босқичи ўтказилди
Шу йилнинг 23-29 октябрь кунлари Нукус шаҳрида математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Математика ва компьютер илмлари факультетида ушбу олимпиаданинг саралаш босқичи ўтказилди. Факультет талабалари ўртасида ўтказилган мазкур саралаш босқичида математика фани бўйича энг билимли бўлган талаба-ёшлар саралаб олинди.
Қайд этиш керакки, 2018 йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Халқаро олимпиадани ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ташкил этилади.
Олимпиада ғолибларига (Ўзбекистон фуқаролари) йўналишлари бўйича магистратура босқичига квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади. Мазкур ҳуқуқ бакалавр босқичини битиргандан кейин 3 йил мобайнида сақлаб қолинади.