Шарафли касб эгалари улуғланмоқда
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ҳамда адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.
Яна саноқли кунлардан сўнг юртимиз солномасидаги эзгу байрамлардан бири "1-октябр—Ўқитувчи ва мураббийлар куни" кенг тантана сифатида нишонланади. Айни кунларда байрам арафасида Қарши давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан олий таълим муассасасида узоқ йиллар давомида самарали фаолият олиб борган устозлар хонадонига йўқлаб борилмоқда.
Кеча, йъани 22-сентябр куни Педагогика факультети хотин-қизлар масалалари бўйича декан маслаҳатчиси Ф.Ражабова ҳамда Психология кафедраси профессор-ўқитувчилари факультетда кўп йиллар давомида ишлаган ва айни пайтда нафақада бўлган устоз, Педагогика фанлари номзоди, профессор Талъат Ғаффорова хонадонига ташриф буюришди. Самимий суҳбат чоғида университетда кечган хотиралар ёдга олинди, тинч-осойишта кунларга шукроналик келтирилди.