“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ижодий учрашувлар ўтказилмоқда

Айни кунларда юртимиз бўйлаб олий таълим муассасалари талабаларини китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида бугун Қарши давлат университети ва Косон туманидаги 76-80-90-мактаблар, маҳаллаларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар Ғайрат Мажид, Зилола Хўжаниёзова, Ғулом Эгамшукур билан ижодий учрашувлар ташкил қилинди.

Мулоқотларда ёшлар қалбида адабиётга меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, янги ижодкорларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш, китобхонликни тарғиб қилиш, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди. Шу билан бирга, ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, дунёқарашининг кенгайтиришда миллий маънавият ва мафкуранинг аҳамияти юқори эканлиги қайд этилди.

Қизғин ва самимий суҳбатлар гўзал мушоираларга уланиб, талабалар ва ўқувчилар севимли ижодкорларнинг энг сара шеърларидан намуналар ўқидилар. Ўз навбатида тадбир меҳмонлари ҳам ёш истеъдодларнинг ижодидан баҳраманд бўлишди. Фаол ёшларга китоблар совға қилинди. Таъкидлаш лозим, ўтказилган ижодий кечалар ёшларга ўзгача руҳ, кайфият, илҳом бағишланганлиги билан аҳамиятли бўлди.