Қарши давлат университетида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди
Тадбир университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим жараёнидаги янгиликлар ҳамда талаба-ёшлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилди. Дастлаб университет раҳбарияти томонидан олийгоҳда ёшларнинг сифатли таълим олиши, илм-фан билан шуғулланиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари университетнинг замонавий инфратузилмаси ва янги объектлари билан танишдилар. Жумладан, 5 қаватли Хорижий тиллар факультети ўқув биноси, унда жойлашган “Institut Français de Karshi” француз тили маркази, Инглиз тили дастурлари, KOICA маркази, Немис тили, Рус тили ва Хитой тили марказлари, Эрасмус+ дастурлари офиси, медиа студия, синхрон таржима аудиторияси ҳамда замонавий маъруза заллари кўздан кечирилди. Шунингдек, “Лочин” футбол клуби учун барпо этилган замонавий стадион мажмуаси ҳам намойиш этилди. Пролига талабларига мос равишда бунёд этилган мажмуа таркибидаги 1400 ўринли трибуна, сунъий қопламали югуриш йўлаги ва икки қаватли маъмурий бино билан танишилди. Пресс-тур давомида ер ости сизот сувларини “ОСМОС” технологияси орқали тозалаб, тоза сув ишлаб чиқариш иншооти, Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази, Ёшлар маркази, Туризм амалиёт маркази, Тиббиёт факультети ўқув биноси, Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси ҳамда 1-июнь куни фойдаланишга топширилган, университет тасарруфидаги 240 ўринли “UniKids” мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ҳам намойиш этилди. Танишув якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга университет масъуллари томонидан батафсил жавоб олдилар.