ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ВА “ADM JIZZAKH” МЧЖ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
Қарши давлат университетида олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мазкур ташриф доирасида “ADM Jizzakh” МЧЖнинг масъул ходимлари университетга ташриф буюриб, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва иқтисодиёт факультети иқтидорли гуруҳ талабалари билан учрашдилар. Томонлар таълим жараёнини ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграциялаш, талабалар амалиёти, дуал таълим элементларини жорий этиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан музокаралар олиб бордилар. Учрашув давомида меҳмонлар университетнинг таълим ва илмий фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар. Музокаралар якунида Қарши давлат университети ва “ADM Jizzakh” МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, талабалар учун амалиёт ва стажировка имкониятларини кенгайтириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Ушбу ҳамкорлик келгусида ёш мутахассисларни тайёрлаш сифати ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.