Университет янгиликлари

Қарши давлат университети ректори, профессор Д.Набиевнинг абитуриентлар ва ота-оналарга МУРОЖААТИ

1 August, 2022

Азиз ота-оналар, қадрли абитуриентлар! 

Юрт ободлиги, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови жамиятда Конституция ва қонун устуворлиги таъминланишидир. Дарҳақиқат, бугун бутун жамият қонун доирасида, ҳалол, покиза яшашга интилмоқда. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, ҳали ҳамон орамизда пора эвазига иш битиришга уринаётган “уддабуронлар” учраб тургани кўнгилни хира қилади. Айниқса, қабул жараёнлари бошланиши билан тест ёки касбий (ижодий) имтиҳони мавжуд йўналишларга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилувчи олий таълим соҳасига алоқадор бўлган ва бўлмаган айрим шахсларнинг найрангларига алданиб қолишдан огоҳ бўлинг! 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғи билан касбий (ижодий) имтиҳонлар республикамизнинг бошқа ОТМ профессор-ўқитувчилари таркибидан тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилиниши тасдиқланади. Қолаверса, имтиҳон жараёнлари махсус видеокузатув орқали тўлиқ назоратга олинади. Ижодий имтиҳонлар адолатли, очиқ ва шаффоф тарзда, шунингдек, кенг жамоатчилик, ОАВ иштирокида бўлиб ўтиши таъминланади. Қисқа қилиб айтганда, фирибгарликни мақсад қилган, қинғир йўл билан даромад орттиришни ўйлаган нопок кимсаларга ҳеч қандай имконият қолдирилмайди. Айтмоқчимизки, уларнинг алдовларига ишониб қолманг! Бу орқали Сиз ўзингизга, биринчи навбатта, ҳам моддий, ҳам маънавий катта зарар етказишингиз мумкинлигини зинҳор унутманг. 

Бугун таълим оламан деган ҳар бир киши учун кенг имкониятлар эшиги очилган. Шундай экан, тўғри йўл турганда, пора билан иш битиришга уриниб, коррупция балосини янада чуқур илдиз отишига ҳисса қўшманг. Бу билан сиз, аввало, ўз ҳаётингизни ва фарзандларингиз келажагини таҳлика остида қолдирган бўласиз.  “Сўнги пушаймон – ўзинга душман”, деган нақлнинг ҳақиқатини бугун жиноят содир қилиб, ўзининг, оиласининг, фарзандларининг келажагини барбод қилган одамдан кўра кўпроқ англагувчи киши бўлмаса керак. Коррупцияга қўл ураётган, пора билан “проблема”сини ҳал қилишни мақсад қилган ҳар бир киши учун ўшаларнинг ҳаёти ибрат бўлмоғи лозим.   

Коррупция ботқоғига ботганлар жамият тараққиётига ғов бўлиб, умри халққа хиёнат қилиш, ёш авлод онгини заҳарлаш билан ўтишини энди кенг жамоатчилик яхши тушунади. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол, виждонли одам ҳаётда ғолиб бўлади ва бахтли-саодатли ҳаётга эришади. Зеро ризқнинг ҳалоли – ҳаловатимиз гарови экнини доимо ёдда тутишимиз даркор.  

Бугун замон шиддат билан олдинга қараб кетаётган, глобаллашув жараёнлари бутун дунёни қамраб олаётган, ҳамманинг нигоҳи ёшлар тақдирига қаратилган бир пайтда муҳтарам Президентимиз ва давлатимиз томонидан кучли ва адолатли таълим-тарбия тизими яратиб берилмоқда. Ҳамма гап буни тўғри англаш, Ватан ва халқ олдидаги бурч ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ягона мақсад ва ғоя атрофида бирлашишдадир. 

Унутмангки, жамиятнинг оғриқли нуқтаси бўлган коррупцияга қарши кураш борасида Сиз ота-оналарнинг, айниқса, ёшларнинг алоҳида ўрни бор. Бу курашга барча бирдек сафарбар бўлса, авлодларимизнинг тақдири ҳам, келажагимиз ҳам гўзал бўлади. Шу орқалигина биз юрт фаровонлиги ва барқарорлигига эришамиз.

 

Дилмурод НАБИЕВ,

Қарши давлат университети ректори, профессор