Университет янгиликлари

Маърифат карвони. Инсон қадри учун

12 May, 2022

Жорий йилнинг 11 май куни Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бошчилигида бир гуруҳ шоир-ёзувчилар, адабиётимиз ва санъатимиз фидойилари иштирокида “Инсон қадри – улуг” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Филология факультети Адабиётшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этди. Тадбирда дастлаб адабиётшунос олим Нурбой Жабборов сўзга чиқиб улуғ шоиримиз Сирожиддин Саййид шеърияти, унинг ўзбек адабиётида тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Шоир шеъриятидан наъмуналар ўқиб, улар замирида ватанга муҳаббат қандай сингдириб юборилгани, бу қуйма сатрлар муаллифнинг қалб қўридан отилиб ўқувчига қандай маънавий озуқа беришини ажойиб тасвирлади.

Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид республика кенг миқёсида ўтказилаётган бундай тадбирларнинг моҳияти ҳақида гапирар экан, ёшларга мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар ва бу имкониятлардан ёшларимиз самарали фойдаланиши хусусида алоҳида тўхталди. Уларни ватанга муҳаббат, юртга садоқатли бўлишга ундаб шеърларидан наъмуналар ўқиди. Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, Қарши давлат университети Адабиётшунослик кафедраси докторанти Муяссар Тилововага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси топширилди. Шунингдек, тарғиботчилар гуруҳи томонидан Филология факультети кутубхонаси китоблар жамланмасини тақдим этишди. Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собировнинг чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.