Университет янгиликлари

НАВРЎЗ – ТИНЧЛИК, БИРОДАРЛИК ВА ФАРОВОНЛИК АЙЁМИ

19 March, 2022

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар, қадрли ишчи-хизматчилар! 

Юртимиз қадим анъаналар қадр топган заминдир. Бу заминда тарбия топган ҳар бир қалб соҳиби ўзини олий фазилатлар чашмасидан баҳраманд этган. Шу боис бу халқнинг ҳар бир қадрияти замирида инсон қадрини улуғлаш, саховатпешалик, меҳр-мурувват, тинчликпарварлик ғоялари мужассам. Жумладан, биз ҳар йили кўтаринки руҳ билан, катта завқ ва иштиёқ билан нишонлайдиган Наврўз байрами тимсолида мана шундай юксак фазилатларнинг тажассумини кўриш мумкин. Бу йил ҳам ана шу улуғ айём – шарқона янги йил баҳорий руҳ, ўзгача шукуҳ билан қадам қўймоқда. Яшариш фаслининг бетакрор айёми бўлмиш Наврўзи олам билан бутун университет жамоасини самимий муборакбод этишдан беҳад бахтиёрман.

Баҳор фасли ҳақида гап кетганда бу фаслни ўз файзу таровати билан безаб турувчи гўзаллик ва нафосат айёми – Халқаро хотин-қизлар кунини эсламай бўлмайди. Биз мунис опа-сингилларимиз, муҳтарама онахонларимизга йўллаган байрам табригимизда бугун хотин-қизларга давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан кенг имкониятлар эшиги очиб берилаётгани хусусида батафсил тўхталган эдик. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, хотин-қизларга бўлган бундай эътибор ва эҳтиром, имконият ва имтиёз ҳеч бир юртда бу қадар юксалмаган. Бир сўз билан айтганда, аёл сиймосини эъзозлаш, қадрлаш бизнинг халқимизга хос бўлган эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Имкон туғилганда, азиз ва мўътабар опа-сингилларимизни яна бир бор ҳар икки байрам билан қутлашдан мамнунман.

Таъкидланганидек, халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган, она табиат, одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади. Шу боис бу йилда ҳам президентимиз томонидан Наврўз умумхалқ байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ва кўтаринки руҳда нишонлаш мақсадида қарор имзоланди. Мазкур ҳужжатда 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамини мамлакатда “Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида юқори савияда нишонлаш кўзда тутилган. Ўтказилаётган тантана ва маросимларда Наврўз айёмининг қадриятлари, унинг теран фалсафалари чуқур акс этишига алоҳида эътибор қаратилаётгани барча юртдошларимиз қалбига беҳад миннатдорлик, шукроналик ва мамнуният бахш этаётганини эътироф этишимиз керак.

Президентимиз эътироф этганларидек: “Наврўз фалсафаси, Наврўз қадриятлари – одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, кексаларга ҳурмат, муҳтож инсонларга эътибор ва ёрдам кўрсатиш, адолат ва халқпарварлик фаолиятимиз мезонига айланмоқда”. Дарҳақиқат, бу улуғ айём шу жиҳати билан аҳамиятлики, ҳар бир инсон ушбу муборак ва файзли кунларда бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатади. Қарияларни зиёрат қилиб дуосини олиш, ногиронлар, беморлар ва меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга беминнат ёрдам кўрсатиш, фарзандларга қувончу шодлик улашиш Наврўз байрамига хос хусусиятдир.

Ушбу баҳорий айёмнинг яна бир фазилати шуки, у минглаб йиллар давомида ўзининг чуқур мазмун-моҳияти ва фалсафаси билан ҳаётимизда алоҳида ўрин олган, яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона йилбоши сифатида ардоқланади. Бу гўзал паллада табиат уйғониши, оламнинг рангин тусга киришидан қалбимиз пок ниятларга тўлиб, бутун вужудимизда эзгу саъй-ҳаракатлар жўш уради. Бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Бу, албатта, йил давомида илмий-ижодий ва бошқа қатор соҳаларда юқори самарадорликка эришишимизга замин яратади.

Шуни фахр билан айтаманки, ушбу байрамни биз, ҳақиқатан, ҳар томонлама янгиланишлар билан қарши олмоқдамиз. Айниқса, университетимизнинг янгидан реконструкция қилиниб, янада замонавий қиёфа акс этиб келаётгани барчамизнинг кўнгилларимизга олам-олам шодлик олиб келди. Университетимиздаги туб ўзгаришларнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа қатор ташкилот-муассасалар томонидан эътироф қилиниши сўзимизга далилдир. Энг муҳими, бугун бу даргоҳда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва таҳсил олаётган талабаларгача, барча-барчангиз эришаётган улкан муваффақиятларингиз билан мана шундай эътибор ва эътирофга муносиб эканлигингизни исботлаб келмоқдасиз. Биргина талабалар мисолида айтадиган бўлсак, уларнинг жорий йил ҳисобидан эришаётган ютуқлари барчамизнинг қалбларимизда фахрланиш ҳисси билан бирга эртанги кун, келажагимизнинг порлоқ эканига ишончни ҳам янада мустаҳкамлаётганига амин бўламиз. Жумладан, илм-фан соҳасида 9 нафар талабамиз 2021-2022 ўқув йили учун Президент ва номли давлат стипендиялари учун танловларда ғолиб сифатида эътироф этилиб барчамизни хушнуд этган бўлсалар, 16-24 февраль кунлари Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда вилоят футбол ассоциацияси ҳамкорлигида спортнинг футбол тури бўйича “Ҳоким кубоги – 2022” мусобақасида университетимиз талабаларидан ташкил топган “Лочин” жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритиб спортда ҳам тенгсиз эканликларини исботладилар. Албатта, бу муваффақиятлар азиз устозларнинг машаққатли меҳнати ва қадрли талабаларимизнинг ғайрат ва шижоати уйғунлигининг меваси эканини эътироф қилмоқ жоиз. Қисқа қилиб айтганда, университетимиз фан, таълим, адабиёт, санъат, маданият, спорт каби соҳаларда ўзини кўрсатиб, олқишларга сазовор бўлиб келмоқда. Ишонаманки, бундан кейин ҳам университетимиз салоҳиятини ҳар жиҳатдан юксалтириб, барча соҳада янги ютуқларга эришасиз. Катта марраларни забт этиб, халқаро рейтингларда ҳам юксак поғоналардан ўрин эгаллашимизга муносиб ҳисса қўшасиз.

Қадрли университет жамоаси! Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман. Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин! Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин! Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин! Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

 

Наврўзи олам, барчамизга муборак бўлсин!

 

Дилмурод НАБИЕВ,

Қарши давлат университети ректори