Учрашувлар

Ўзбекистон халқ рассоми билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

12 June, 2021

Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Қарши давлат университети Санъатшунослик факультетида “Устоз-шогирд” рукни остида ижодий учрашув, маҳорат дарси ташкил этилди. Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси кафедраси ташаббуси билан ушбу тадбирга Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети, Маҳобатли рангтасвир кафедраси профессори Рустам Худойберганов таклиф этилди. Ташрифнинг илк куни, яъни 11 июнь куни Қарши шаҳрининг диққатга сазовор масканларидан бири “Одина” мажмуасида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Рустам Худойберганов факультет талабалари учун маҳорат дарси ўтиб берди. Маҳорат дарсида устоз Р.Худойберганов манзара чизишнинг усул ва воситаларига батафсил тўхталиб, унинг сир-асрорлари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Рустам Худойбергановнинг монументал асарлари Тошкент давлат консерваторияси (Витраж), Тошкент, Термиз, Урганч, шунингдек, Россия, Туркманистон, Тожикистон каби чет эл шаҳарларидаги жамоа биноларини безаб турибди. Рассомнинг “Амир Темур портрети”, “Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Султон Абдусаид мирзо”, “Тўмарис”, “Феруз портрети”, “Спитамен”, “Момо”, “Ҳожар хола”, “Отам портрети” ва “Асло таслим бўлмаймиз” (Ж.Мангуберди) тарихий картиналари каби портрет асарлари томошабинлар эътиборига тушган.

12 июн куни Санъатшунослик факультетида Р.Худойберганов ва талаба-ёшлар, факультет профессор-ўқитувчилари иштирокида ижодий учрашув ўтказилди. Тадбирни Илмий ишлар ва инновациялар бўйича университет проректори Н.Холмирзаев кириш сўзи билан очиб берди. Самимий мулоқотда Р.Худойберганов йиғилганларни ўз ижодий фаолияти билан яқиндан таништириб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Тадбирда, шунингдек, Санъатшунослик факультети декани ўринбосари, доцент Э.Жабборов, Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси кафедраси мудири, доцент И.Камолов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Ижодий учрашув кўтаринки кайфиятда ўтди.