Университет талабалари халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритишди
Жорий йилнинг 26 январь куни Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида “Абу Али ибн Сино таълимотидан – Учинчи Ренессансгача” тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари учун ИВ Халқаро олимпиада бўлиб ўтди.
Олимпиададан кўзланган мақсад талабаларнинг тиббиётнинг турли йўналишларига бўлган қизиқишини ошириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, талабаларнинг илмий-ижодий ёндашувларини тарғиб қилишдан иборат бўлди. Таъкидлаш жоиз, мазкур олимпиадада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан ҳамда республикамизнинг барча нуфузли тиббиёт олий таълим муасассалидан талабалар ўз билимларини намойиш этишди.
Қувонарлиси, олимпиадада Қарши давлат университети Тиббиёт факультети талабалари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Хусусан, одам анатомияси фанидан Даволаш иши йўналиши 2-курс талабаси Ганжиева Муниса Комил қизи 2-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, гистология, ситология эмбриология фанидан даволаш иши йўналиши 2-курс талабаси Маҳмудова Асила Жалил қизи ҳам 2-ўринни эгаллади. Талабаларимизни ушбу ютуқлар билан самимий қутлаймиз!