Гуруҳ мураббийлари учун таълим-тарбия самарадорлигини ошириш
Жорий йилнинг 24 январь куни Педагогика факультети фаоллар залида “Гуруҳ мураббийлари учун таълим-тарбия самарадорлигини ошириш” мавзусида ўқув семинар ўтказилди. Унда Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Қўзиев, Фалсафа ва социология кафедраси мудири, профессор С.Чориев, кафедра доценти А.Шайманова, Педагогика, Санъатшунослик ва Спорт факультетларининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, гуруҳ мураббийлари, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари иштирок этди. Семинарни Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Қўзиев кириш сўзи билан очиб, ёшлар тарбиясига эътибор долзарб масала эканлигини алоҳида таъкидлади.
Ўқув-семинарда Фалсафа ва социология кафедраси мудири, профессор С.Чориев “Таълим муассасаларидаги маънавий тарбияни оптималлаштириш вазифалари”, доцент А.Шайманова “Давлатимиз раҳбарининг 2023-йил 22-декабрда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маъруза қилишди. Йиғилишда гуруҳ мураббийлари ўзига бириктирилган гуруҳ талабаларининг таълим олишларига ва дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиши, талабаларнинг давомат кўрсаткичларини яхшилаш, уларнинг ижтимоий (оилавий) ҳолатидан доимий хабардор бўлиш ва талабалар турар жойларида, ижарада ҳамда ўз уйларида яшовчи талабаларнинг яшаш ҳолатини ўрганиб бориш асосий вазифаси эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли талабалар билан индивидуал ишлаш, талабаларни турли конференциялар, семинарлар, республика ва халқаро миқёсдаги олимпиада ҳамда форумларда иштирок этишларини таъминлаши муҳимлиги қайд этилди. Ўқув-семинарлар белгиланган графикка асосан бошқа факультетларда ҳам давом этмоқда.