Ўзбекистоннинг ихтирочи аёллари Кореядаги халқаро кўргазмада совриндор бўлди
Корея Ихтирочи аёллари ассоциацияси (KWIA), Корея Интеллектуал мулк офиcи (KIPO) ва Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Корея Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси – “KIWIE-2023” бўлиб ўтди. Унда 40 дан зиёд давлатдан 400 нафардан ортиқ олима, ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлар техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашди.
“KIWIE-2023”да иштирок этган Ўзбекистон олима аёллари делегацияси аъзолари илм-фанда эришган натижалари ва инновацион маҳсулотларини намойиш қилди. Ўзбекистон олима аёлларининг ихтиролари кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди ва халқаро экспертлар томонидан ҳам ўрганилди.
“KIWIE-2023” халқаро кўргазмасида иштирок этган Ўзбекистон олима аёллари 4 та олтин, 5 та кумуш, 1 та бронза медаль ва тиббиёт, техника, қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича 5 та махсус мукофотни қўлга киритди. Аҳамиятлиси, мамлакатимиз олима аёллари қаторида кўргазмада қатнашган Қарши давлат университети доценти Муҳаббат Диёрова кумуш медалга сазовор бўлди. Ҳамкасбимизни ушбу юксак эътироф билан чин дилдан қутлаймиз.