Қарши давлат университетида “Биринчи курс мактаби” таништирув ҳафталиги бўлиб ўтмоқда!
Қарши давлат университетига қабул қилинган 1-босқич талабаларининг университет муҳитига мослашиши ва таълим жараёни билан яқиндан танишишини таъминлаш мақсадида “Биринчи курс мактаби” таништирув ҳафталиги доирасида қатор маърифий, амалий ва танишув тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбирлар давомида талабалар университет ректорати, факультет ва кафедралар фаолияти билан танишиб, “Коррупция — тараққиёт кушандаси” ва “Ҳалоллик вакцинаси” мавзуларидаги давра суҳбатларида иштирок этмоқдалар. Шунингдек, университет кампуси, Кутубхона, Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳатлар уюштирилмоқда. Таништирув ҳафталиги давомида талабаларга олий таълимдаги кредит-модуль тизими, баҳолаш тартиби, грантларни қайта тақсимлаш қоидалари (Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-мартдаги 149-сон қарори), университетнинг ички тартиб ва Одоб-ахлоқ кодекси, шунингдек, шартнома ва ТТЖ тўловлари бўйича батафсил тушунчалар берилмоқда. Шу билан бирга, талабаларнинг ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиши, ёт ғоялардан ҳимояланиши, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мазмун-моҳиятини англашига, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Киберхавфсизлик ойликлари” доирасида “Рақамли гигиена соати” дарсдан ташқари машғулотлари ҳам ташкил этилмоқда. Муҳим жиҳати шундаки, таништирув ҳафталиги давомида 1-босқич талабалари орасидан иқтидорли, илмий-тадқиқот ишларига қизиқувчи, спорт ва санъат соҳасида ютуқларга эришган ҳамда жамоат ишларида фаол ёшлар сараланиб, уларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилмоқда.