
Қарши давлат университети делегацияси Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида бўлди
Қарши давлат университети ректори, профессор Дилмурод Набиев бошчилигидаги делегациянинг Европадаги хизмат сафари қизғин тарзда давом этмоқда. Ташриф доирасида делегация Нидерландиянинг “ойналар шаҳри” сифатида танилган ва юқори технологияли иссиқхоналари билан машҳур бўлган Амстердам шаҳрида бўлди. Мазкур ташриф World Horti Center – халқаро кўргазма ва савдо марказидаги учрашув билан бошланди. Унда профессор Дилмурод Набиев Қарши давлат университетининг таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ютуқлари, талабалар ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди. Учрашувда Westland мунисипалитетининг стратегик маслаҳатчиси, West-Holland Greenport лойиҳалар менежери Marga Vintges сўз олиб, Westland ҳукумати, тадқиқот институтлари ва бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, агросаноат соҳасидаги инновацион ечимлар ҳақида батафсил маълумот берди. Тадбирда, шунингдек, Инҳоланд амалий фанлар университети профессори, доктор Caicheng Huang ҳамда Лентиз таълим гуруҳининг халқаро лойиҳалар бўйича менежери, профессор Ли Зенг иштирок этдилар. Улар агробизнес, биотехнология, хавфсиз озиқ-овқат таъминоти, инновацион таълим усуллари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашишди. Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, экологик барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, вертикал иссиқхоналар қурилиши йўналишида университет ходимлари ва талабалари ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.