Қашқадарёда илк бор тўлиқ немис стандартига асосланган касбий таълим тизими жорий қилинади

Қарши давлат университетида "Қашқадарё вилоятида немис стандартига асосланган касбий таълим тизимни жорий этиш" юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, вилоят ОТМ ректорлари иштирок этди. Тақдимотда вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи О.Мавлонов ушбу йўналишда Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берди. Маълум қилинишича, Германиянинг Лейпсик шаҳар Ҳунармандчилик палатаси ва Авестос компанияси билан ҳамкорликда Ғузор туман ва Шаҳрисабз шаҳар 1-сон политехникумларида немис таълими стандартига асосланган  касбий таълим тизими жорий қилинди.Лойиҳа доирасида 8 нафар ўқитувчилар Металлар технологияси ҳамда Бино ва иншоотлар қурилиши касби бўйича Германияда малака оширдилар. Жорий йилнинг сентябр ойида германиялик экспертлар таълим муассасаларига ташриф буюриб, немис таълим стандарти асосида ўқитишга рухсат берувчи  гувоҳномаларни топширдилар.Эндиликда мазкур лойиҳа доирасида ўқишни муваффақиятли тамомлаган политехникум битирувчиларига Германия Ҳунармандчилик палатаси ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан дипломлар берилади. Мулоқотда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов мазкур истиқболли лойиҳани юртимизнинг барча вилоятларида жорий қилиш лозимлигини қайд этди.