Замонавий географияда инновацион ғоялар: Рақамли иқтисодиёт ва GIS технологиялар

28 Октябрь 2024, 06:24
Университет янгиликлари

25-26-октябр кунлари Қарши давлат университети География ва агрономия факультети География кафедраси томонидан “Замонавий географияда инновацион ғоялар: Рақамли иқтисодиёт ва GIS технологиялар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ушбу халқаро анжумандан табиий география, геоэкология ва табиий ресурслардан фойдаланишда инновацион ғоялар, илмий-назарий ва амалий масалалар, иқтисодий ва ижтимоий географияда рақамли иқтисодиёт: муаммо ва истиқболлар, глобал ва минтақавий иқлим ўзгариш шароитида гидрология ва гидрометеорологиянинг илмий-назарий ва амалий масалалари, геодезия ва картография, GIS технологияларида замонавий тадқиқотлар, туризм ва рекреацияни ривожлантиришнинг географик муаммолари ва имкониятлари, замонавий география таълими: топонимика ва географик терминшуносликда муаммолар ва истиқболдаги вазифаларининг ечимига қаратилган маърузалар ўрин эгаллади.

Халқаро илмий-амалий конференцияда Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси, Филиппин, Кения, Жанубий Африка Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон республикалари ҳамда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларининг олимлари ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция иштирокчилари маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг география, экология, глобал иқлим ўзгариши, иқтисодий ва ижтимоий география соҳаларидаги янги ёндошувлар, геодезия, картография ва туризм соҳасини GIS технологиялари асосида ўрганиш бўйича тадқиқот натижалари билан яқиндан танишдилар. Анжуман шўбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди.