Энг яхши давлат мобиль иловаси танлови
Бугун Қарши давлат унверситетининг Инкубация марказида ИТ Парк Қашқадарё филиали Стартаплар экотизимини ривожлантириш менежери Бунёд Қутбиддинов ва лойиҳалар бўйича менежери Ислом Каримов томонидан семинар ўтказилди. Семинарда БАА ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган "mGovAwards" танлови ҳақида батафсил тушунча берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Маълумот ўрнида, юртимизда учинчи бор ўтказилаётган танловда олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек, умумтаълим ва ўрта махсус мактаб ўқувчилари иштирок этишлари мумкин. Мақсад – Ўзбекистон давлат хизматларини самарали, шаффоф ва узлуксиз равишда қулай мобиль илова ёрдамида кўрсатиш орқали фуқароларининг ҳаётини яхшилаш.
Мусобақа қатнашчилари транспорт ва логистика, маълумотларга асосланган қарорлар, таълим, тадбиркорлик, инсон ресурслари ва фаровонлик, экология ва тоза энергия, туризм йўналишларда давлат сектори учун мобиль иловани ишлаб чиқишлари керак бўлади. Мусобақанинг мукофот жамғармаси аввалгидек 100 000 АҚШ долларини ташкил этади. Хусусан, биринчи ўрин учун 50 000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 30 000 доллар, учинчи ўрин соҳиби эса 20 000 АҚШ доллари миқдорида мукофотланади.