1-ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН РЕКТОР ТАБРИГИ

Муҳтарам профессор-ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар!

Дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар борки, уларнинг барчаси инсон комиллигининг омилини илму маърифат деб билдилар ва шундай уқтирдилар. Бу борада улуғ аждодимиз Аҳмад Югнакий шундай ўгит берганлар: 

Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра,
илмли бўл, бахт йўлини изла. 

Ҳақиқатан, саодат манзилига илмдан ўзга йўл йўқ. Илм сабабидан сийратимиз юксалади, руҳимиз қувват олади, тафаккуримиз кенгаяди. 

Албатта, илм йўлидан ёлғиз юриб бўлмайди. Улуғлар айтганидек, ҳар кимнинг илм йўлида мақсадга эришмоғи учун маънавий йўлбошчи зарур. Илм устознинг қўллаб-қувватлаши, саъй-ҳаракати, машшаққатли меҳнати, ғайрати, метиндек иродаси ва матонати билан эгалланади. Бир сўз билан айтганда, устозлар маърифат осмонидаги юлдуздир. Уларнинг зиёси билан жаҳолат зулматида адашганларнинг йўллари ёришиб, тўғри йўл топилади. Шу нуқтаи назардан қаралса, узтознинг инсон ҳаётида нақадар катта аҳамият касб этиши равшанлашади. Буни ҳар қанча сўз билан таърифласак ҳам адоғига етиб бўлмайди. Устозлик мақоми, унинг улуғворлиги ҳақида муқаддас китобимиз Қуръони Каримда, ҳадиси шарифларда ва ўтган улуғ аждодларимиз асарларида беназир сўзлар битилган. Хусусан, туркий халқларнинг фахри бўлган буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг устоз шарафига битилган қуйидаги мисралари барчамизнинг қалбларимизга жо бўлиб улгурган: 

Шогирд  агар шайху-л-ислом, агар қозидур, агар андин устод розидур – Тангри розидур. 

Дарҳақиқат, шарқона ахлоқ, қолаверса, миллий қадрият нуқтаи назаридан ҳам шогирдлар учун устозлари ризолигага эришиш, ҳақларини адо этиш жуда муҳимдир. Албатта, устозининг розилиги ва дуосини олган шогирдларгина илм фазлидан баҳраманд бўлади. Уларнинг илми зиёсидан эса миллат, жамият, ватан, таъбир жоиз бўлса, бутун дунё баҳраманд бўлади. Улардан халқ ва ватан манфаати учун фойдаси тегадиган етук шахслар, фидойи инсонлар етишиб чиқади. Давлатимизнинг бугунги сиёсати ҳам ана шу шарқона анъанага мувофиқлиги эътирофга сазовор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”.

Албатта, юксак шараф ва мақомнинг ўзига яраша улкан масъулияти ҳам бўлади. Бу масъулият она Ватанимизнинг бугуни ва эртаси ҳисобланган авлодларни ҳар жиҳатдан камол топтириш йўлида фидокорона хизмат қилишдир. Муҳтарам президентимизнинг устоз-мураббийлар олдига қўяётган муҳим вазифалардан бири ҳам шу: “Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат”.

Бугунги кунда таълимга, бу соҳада фаолият олиб бораётган кадрларга қаратилаётган эътибордан мақсад ҳам аслида ватан тараққиёти, юрт фаровонлиги билан боғлиқлигини ёдда тутиш зарур. 

Қайд этиш лозимки, бугун ҳар бир соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар, янгиланишлар олиб борилмоқда. Ўз ўрнида, ушбу саъй-ҳаракатлар юқори самарадорликни ҳам таъминлаётганини эътироф қилиш жоиз. Албатта, жадал суръатда бўлаётган бундай ўзгариш ва янгиланишлар соҳада фаолият юритаётган ҳар бир педагог, профессор-ўқитувчининг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулиятини тубдан ўзгартириб, уларнинг доимий изланиб, янгиликка интилиб яшаши, илғор таълим технологиялари ҳамда методикаларини пухта ўзлаштириб боришини талаб қилади. Юксак фахр билан айтишим мумкинки, даргоҳимизда таълим бераётган профессор-ўқитувчиларимиз бугунги қўйилаётган талаб-вазифаларни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. Буни университетимизнинг жаҳон миқёсида эътироф қилинётганидан, олимларимизнинг илмий фаолиятда эришаётган қатор ютуқларидан, талабаларимизнинг эса ҳар соҳада иқтидорларини намойиш қилаётганларидан ҳам билиш мумкин. Ҳеч шубҳасиз, жамоамиз билан келгусида ҳам юртимизни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол иштирок этадиган кадрлар билан бойитишда юксак натижалар кўрсата оламиз. 

Муҳтарам Устозлар! Сизларни илму маърифат фидойиларнинг қутлуғ айёми – Устоз ва мураббийлар байрами билан табриклашдан бахтиёрман. Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман. Хонадонларингиздан файзу барака аримасин. Қалбингизни шижоат ва матонат ҳеч қачон тарк этмасин. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти, жамият ва халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизда муваффақиятлар ёр бўлсин!

Дилмурод НАБИЕВ

Қарши давлат университети ректори, профессор