“ЭВРИКА–2025” танловида университет ёш олими муносиб натижани қўлга киритди
Ўзбекистон илмий жамоатчилиги учун муҳим воқеалардан бири — ёш олимлар ўртасидаги нуфузли “ЭВРИКА–2025” танловининг тақдирлаш маросими “Илм ва ижод байрами” шиори остида бўлиб ўтди. Тадбирда республиканинг барча ҳудудларидан келган 500 нафардан ортиқ ёш изланувчи, таниқли академиклар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Танловда энг фаол, иқтидорли ва ташаббускор 20 нафар ёш олим ғолиб деб топилди. Қувонарлиси, улар орасида Қарши давлат университети Назарий ва экспериментал физика кафедраси мудири Нормуродов Дилшод Абдуразоқович ҳам бор. У “Энг яхши инновацион лойиҳа” номинациясида фахрли 3-ўринни эгаллади. Маросимда ғолибларга статуэтка, диплом ва пул мукофотлари топширилди. “ЭВРИКА” танлови ёш олимларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ва уларни янги ғоялар сари руҳлантиришга хизмат қилмоқда.