Талабаларга қулайлик: Қарши давлат университетида Туризм амалиёт маркази ва Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси фойдаланишга топширилди
29 июль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қашқадарё вилоятига қилган хизмат сафари давомида Қарши давлат университетида янгидан фойдаланишга топширилаётган Туризм амалиёт маркази ва Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этди. Сўнгра Тиббиёт факультети Биокимё ва Микробиология ўқув лаборатория хоналари, Академик фаолият ва регистратор бошқармаси (Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази) ҳам кўздан кечирилди. Шунингдек, вазир Қ.Шарипов масъуллар ҳамроҳлигида университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 1000 ўринли ўқув биносида бўлиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.
Охирги йилларда университет қиёфаси тамомила ўзгарди. Замонавий бинолар қад ростлаб, моддий-техник база янгиланди, - дейди университет ректори, профессор Дилмурод Набиев. –Келаётган янги ўқув йилини янада яхшиланган шароитларда қарши олмоқчимиз. Чунки сифатли таълим учун яратилаётган бу имкониятлар талаба-ёшларнинг келгусида билимли ва дунёқараши кенг кадрлар бўлиб камол топишида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.
Шу куни вазир бошчилигида вилоятдаги давлат олий таълим муассасалари ректорлари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, илғор муҳандислик мактабларини ташкил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини жонлантириш, битирувчилар бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва таълим сифатини ошириш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, очилиш маросими ўтказилган Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси фотоэлектрик қуёш қурилмаларини ишлашини ва қуёш панелларида ишлаб чиқарилган электр энергияси мониторингини олиб боришга мўлжалланган бўлиб, у ерда муқобил энергия манбалари йўналишида таълим оладиган талабаларнинг амалиёт ўташи ҳамда магистрантлар ва ёш олимларнинг диссертациялари учун илмий-тадқиқот ишларини бажариш имконияти яратилган.
Шунингдек, фойдаланишга топширилган Туризм амалиёт маркази туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналишининг бакалавр ва магистрантлари учун хизмат кўрсатиш соҳасида назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятини яратади. Марказ 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона андозасида бунёд этилган бўлиб, меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш, умумий овқатлантириш хизматлари, анжуманлар зали ва ўқув хонасини ўз ичига олади.